Муборак Рамазон хурмолари: Энг йирик экспортчилар ким?
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида хурмо билан оғиз очганлари ҳаммага маълум ва машхур. Шу боис аксар мусулмонлар рўза ойида хурмо билан оғиз очишни ўзларига одат қилишган.
Шифокорлар Аллоҳнинг охирги пайғамбари хурмо билан бежиз оғиз очмаганларини чунки Қуръони Каримда номи кўп марта зикр этилган хурмо меваси саломатлик учун, айниқса, рўза тутганлар учун кўп жиҳатдан фойдали эканини амалда тасдиқланган тажрибалар билан исботлашган.
Шу ўринда хурмо дунёнинг қайси мамлакатларида энг кўп етиштирилади ва хорижга экспорт қилинади, деган савол пайдо бўлади.
БМТнинг Маҳсулотлар савдоси статистик маълумотларига кўра, хурмо асосан Яқин Шарқ давлатларида энг кўп етиштирилади ва хорижга экспорт қилинади.
Тунис хурмо етиштириш ва экспорт қилиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. 2017 йилда бу мамлакат 250 миллион 940 минг АҚШ доллари миқдорида хурмо экспорт қилган. Иккинчи ўринни Саудия Арабистони ($182.38 млн.), учинчи ўринни Исроил ($152.49 млн.), тўртинчи ўринни Эрон ($ 124.56 млн.) ва бешинчи ўринни Покистон ($107.49 млн.) эгаллаган.
Хурмо етиштириш ва экспорт қилиш бўйича дунёда олтинчи ўринни Бирлашган Араб Амирликлари ($ 93.79 млн.), еттинчи ўринни АҚШ ($ 58.3 млн.), саккизинчи ўринни Жазоир ($ 52.34 млн.), тўққизинчи ўринни Ироқ ($ 43.07 млн.) ва ўнинчи ўринни Франция ($41.03 млн.) эгаллаган.



