Матбуотида динга қарши тарғибот

Совет ҳокимияти динга қарши курашда диннинг синфий моҳиятини очиб бериш сиёсатини қўллаб, бунда дин тўғрисидаги марксизм-ленинизм таълимоти ва партия қарорларига таянган. Совет иттифоқининг турли жойларида ташкил этилган “Худосизлар жамияти” ташвиқотни кенг йўлга қўйган эди.
Ўз фаолиятининг самарадорлигини ошириш учун бошқа тадбирлар билан бир қаторда динга қарши турли тилларда журналлар, китоблар ва оммавий рисолалар нашр этган. Шу мақсадда Москвада “Худосиз” ва “Атеист” номли махсус нашриётлар ташкил этилган ҳамда улар газета, журналлар ва бошқа динга қарши оммавий адабиётларни шиддат билан чоп этишган. 1925 йил апрелида бўлиб ўтган I-съездгача мамлакатда битта ҳам динга қарши журнал бўлмаган бўлса, “худосизлар жамияти”нинг II-съезди ўтказилган вақтда (Москвада 1929 йил 11—15 июнь) 6 та журнал мавжуд эди. Динга қарши курашга услубий жиҳатдан раҳбарлик қилиш ва ўзига яраша тажриба алмаштириш мақсадида иттифоқ миқёсидаги махсус журналлар чоп этилади. Даврий матбуот саҳифаларида, хусусан “Безбожник” газетаси, ( 1922–1941 йй. нашр этилган), «Безбожник» (1925–1941йй.), «Атеист» (1922–1930йй.), «Антирелигиозник» (1931–1941йй.) журналлари саҳифаларида динга қарши характердаги мақолалар босиб чиқарилган. Мазкур мақолалар фақат тарғибот характерига эга бўлиб қолмасдан, балки уларда турли динга эътиқод қилувчилар орасида тарғибот олиб бориш усуллари ҳам ўргатилади.
Динга қарши тарғиботда махсус нашрлар билан бирга коммунистик партиянинг органларидан ҳам фойдаланилган, масалан, «За партию» журналида чоп этилган “Динга қарши тарғиботда бизнинг вазифаларимиз” номли мақолада динга қарши кураш совет ҳокимиятининг синфий курашининг асосий вазифаларидан бири бўлганлиги сабабли унга сиёсий аҳамиятга эга масала сифатида қаралади. Мақолада “синфий душманни енгиш учун аввало уни яхши билиш керак”, деб таъкидланган. Бундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир партия ходими, ишчи, деҳқон ва меҳнаткаш аёллар динга қарши курашда Қуръонни ва унинг диний - ҳуқуқий тизимини ўрганишлари лозим, деб ҳисобланган. Мақолада “диний тизимни ўрганишда аввало синфий ва революцион марксизм нуқтаи – назаридан” ёндашиш кўзда тутилган[1]. Шунингдек, Қуръон ва шариатни ўрганиш зарурияти аҳоли орасида дин пешволарининг кучли таъсири билан боғлиқ эди. Мақола муаллифи ҳатто “худосизлар” ҳам, яъни “Худосизлар жамияти” аъзолари ҳам, Қуръон ва шариат тўғрисида оз - моз тасаввурга эга эканлигини танқид қилади ҳамда уларни ўрганишни таклиф этади.
«Антирелигиозник» журналида чоп этилган мақолада М.Кобецкий, «барча миллатлар орасида динга қарши кайфиятлар кучайиб, улар орасида диндан қайтаётганлар ва курашчан худосизлар жамиятининг аъзолари, диний байрамларни нишонлашдан бош тортаётганлар сони ортиб бормоқда, мачитлар, черковлар, костеллар, синагогларни ёпишга бўлган ҳаракатлар кучаймоқда»,[2] деб таъкидлаган. Ушбу мақолада муаллиф атеизм кучайиши билан бир томондан, турли динларга эътиқод қилувчиларнинг советларга қарши кураши кучаяётган бўлса, иккинчи томондан улар ўз ғояларини янги шароитга мослашга ҳаракат қилаётган эди, деб ёзади. Жадидчилик ҳаракатини мусулмон уламоларининг мослашувчан қаноти, деб баҳолаган мақола муаллифи, жадидлар янги иқтисодий сиёсат тарафдорлари ва зиёлилар манфаатини ҳимоя қилади, деб ёзган эди. Кобецкий фикрича, ислом динининг бу икки қаноти, яъни “прогрессив ва реакцион” қанотлари охирги пайтларда ички курашни тўхтатиб, коммунизмга қарши курашда бирлашган эди. Шу сабабли, “худосизлар”нинг иккинчи съезди нафақат совет ҳокимиятига қарши курашганларга, балки диндорларнинг “мослашувчан қанот”ига ҳам қарши кескин кураш олиб бориш тўғрисида қарор қабул қилган.
Мазкур съездда қишлоқларда ҳам динга қарши курашни кучайтиришга алоҳида аҳамият берилган эди. Шу мақсадда меҳнаткашларни социалистик қурилишга жалб қилиш, “аёлларни озодликка чиқариш, кўпхотинлиликка, табибларга қарши кураш олиб бориш” зарурияти таъкидланган. Айниқса, паранжига қарши курашда “худосиз”ларнинг барчаси иштирок этиши мажбурият қилиб қўйилган эди[3]. Ҳамма масалаларга синфий нуқтаи назардан ёндашган совет ҳокимияти “курашчан худосизлар” сафига биринчи ўринда мачит, черков, бой ва эшонларнинг ерлари бўлиб берилган камбағал деҳқонларни жалб этиш вазифасини белгилаган эди.
«Антирелигиозник» журналида Емельян Ярославскийнинг[4] 1938 йил 15 июлда “Курашчан худосизлар иттифоқи” Марказий Советининг бутуниттифоқ йиғилишида сўзланган маърузаси миллий республика ва вилоятларда динга қарши тарғибот олиб бориш масалаларига бағишланган. Унда турли диний урф - одатлар ва маросимларни фош қилиш учун варақалар ва рисолалардан кенг фойдаланиш айтилган эди[5].
П.Каширин “Диний сарқитлар ҳақида” номли мақоласида диний эътиқодга “меҳнаткашлар онгидаги капитализм қолдиғи”[6], деб баҳо берган. Муаллиф динни марксистик-ленинча таълимотга қарши қўйиб, “черков индивидуализмни тарғиб қилади: ҳар ким ўзи учун, фақат худо ҳамма учун. Каширин Ленин бу шиорга меҳнаткашларнинг биродарлигини қарши қўйганлигини таъкидлаб, унинг ишларидан кўчирма келтиради: “бир киши ҳамма учун, худосиз эса бир амаллаймиз[7].
Даврий матбуот саҳифаларида аёллар орасида динга қарши иш олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Масалан, А. Нухратнинг “Маҳаллий аёллар орасида динга қарши тарғиботни кучайтирамиз” номли мақоласида аёлларни озод қилиш йўлидаги биринчи шарт уларни ижтимоий меҳнатга жалб қилишдир, деб таъкидланган[8]. Мақолада паранжи ташлаган ва ижтимоий меҳнат билан шуғулланган аёлларнинг қариндошлари томонидан ўлдирилиши тўғрисидаги маълумотлар келтирилган. Муаллиф бу жиноятларни “контрреволюцион ҳаракат” деб баҳолаб, уларга нисбатан кескин чора кўришни таклиф қилган. Мақолада аёлларни озод қилиш учун ишни мактабдан бошлаш кераклиги таъкидланган, чунки ўқувчи қизларни 5-6 синфдан мактабда ўқитмасдан, баъзилари унаштириб қўйилган, баъзиларини эса ҳаттоки, турмушга чиқаришга улгуришган. Бу даврда вояга етмаганларнинг никоҳини қайд этиш қонун томонидан таъқиқлаб қўйилган бўлса–да, муллалар томонидан уларга никоҳ ўқилаётган эди. Мақола муаллифи фуқаролик актларини қайд этиш идоралари (загс) ишига алоҳида эътиборни қаратиш кераклигини таъкидлаган. Чунки бу идораларда кўпинча балоғатга етмаган қизларни бошқаси билан алмаштирилиб қўярдилар. Бундай ишларнинг олдини олиш учун тадбир сифатида, мақола муаллифи, бу идоралар қошида аёллардан фаоллар тайинлашни таклиф этган эди. Улар балоғатга етмаган қизларни турмушга чиқаришнинг олдини олишлари керак эди. Шунингдек, улар муллалар томонидан вояга етмаганларга никоҳ ўқиш ҳолларни аниқлаши ва тегишли чоралар кўриши керак эди[9].
Бу ишда комсомол ташкилоти фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган, бу ташкилот ҳар бир қизни ҳисобга олиб, унга оилада қандай муносабатда бўлинаётганлигини аниқлаши лозим эди. Аёллар орасида динга қарши курашда туғуруқхоналар, аёллар маслаҳатхонаси, ясли, саводсизликни тугатиш курсларига совет ҳокимияти асосий таянч сифатида қараган[10].
Ўзбекистон КП МКнинг 1938 йил 20 майида қабул қилинган қарорига кўра, балоғатга етмаган қизларни турмушга чиқаришга қарши партия, комсомол ва жамоат ташкилотлари жиддий курашиши вазифа қилиб белгиланган. Ўз навбатида Ўзбекистон ССР Марказий ижроий комитетига қизларнинг никоҳ ёшини 18 ёш деб белгилаш таклиф қилинган[11].
Миллий республикалардаги аёллар учун мўлжалланган даврий матбуотда диний тарғибот олиб бориш ишига алоҳида эътибор қаратилган ҳамда уларнинг бу борадаги ишларини қаттиқ танқид остига олган ҳамда ҳар қандай илмий - оммабоп мақолада, у қандай мавзуда бўлишидан қатъи назар динга қарши тарғиботда фойдаланиш лозимлиги уқтирилган. Баъзи коммунист ва комсомоллар хотинларини паранжини ташлашига қарши чиқиб, уларни ўқишга жўнатмаётгани ва ижтимоий меҳнат билан шуғулланишларига қаршилик қилаётган эди ҳамда уларни жазолаш мақсадида партия ва комсомол сафидан чиқариш таклиф қилинган.
Матбуотда маъмурий тарзда паранжи ташлаш тўғрисида маълумотлар келтирилади. Хусусан, “Антирелигиозник” номли журналда Ф.Попов “Ўзбекистонда аёллар орасидаги ишлар ҳақида”[12] номли мақолада битта колхозда комсомол ташкилоти ходимлари аёлларга паранжини ташлаш шарти билан қимматбаҳо совғалар – шойи кўйлак ва рўмол беришни ваъда қилишган. Паранжи ташлашга бағишлаб ўтказилган йиғилишда 11та хотин - қизлар паранжини ташлаб, уни қайта ёпмасликларини таъкидлаб, совғаларга эга бўлишган. Лекин мажлисдан чиқиш билан қариндошларнинг таъсири натижасида яна қайта паранжи ёпинишган.
Хулоса қилиб айтганда, ХХ асрнинг 30-йилларида совет ҳокимияти динга қарши кескин кураш олиб борган. Совет ҳокимияти ўз диний сиёсатида курашнинг турли усулларидан, хусусан диндорларни қатағон қилиш, шу билан бирга динга қарши тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб боришдан кенг фойдаланган эди. Лекин кўп ҳолларда тарғибот ишлари декларатив характерга эга бўлиб, кўпроқ уларга нисбатан куч ишлатилган. Ислом динига қарши курашда партия аёллар масаласидан фойдаланди.
С. Шодмонова, т.ф.н., Т. Шодмонов,
ЎзР ФА Тарих институти