ЮНЕСКО Масжидул Ақсони Ибодат тоғи деб аташни рад қилувчи янги қарор қабул қилди
ЮНЕСКО Масжидул Ақсони Ибодат тоғи деб аташни рад қилувчи янги қарор қабул қилди

26 октябрь чоршанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият бўйича қўмитаси ЮНЕСКО «Қуддусдаги эски шаҳар ва унинг девори» лойиҳасини қабул қилиб, Ибодат тоғи деган атамани инкор қилди.
Қарорни 10 мамлакат вакили қўллаб-қувватлади, иккитаси қарши чиқди, 8 мамлакат овоз беришдан бош тортди, Ямайка вакили овоз беришда иштирок этмади. Овоз бериш Хорватия ва Танзаниянинг талабига кўра яширинча тарзда амалга оширилди.
Ушбу лойиҳани Фаластин ва Урдуннинг номидан Кувайт, Ливан ва Тунис давлатлари тақдим қилган эди.
Резолюцияда жумладан Ибодат тоғининг номи Ҳарамуш шариф деб юритилган, унинг яҳудийлар учун муқаддас қадамжо экани инкор қилинган, «археологик қазилмалар» эса вайронгарчиликлар деб аталган.
Исроил ушбу резолюция овозга қўйилмаслиги учун қаттиқ ҳаракат қилди, ҳеч бўлмаганда қарорни тушириб қолдиришни талаб қилди. Резолюция қабул қилингач, бош вазир Бинямин Нетаняҳу уни камситиш деб баҳолаб, «Бу ерда Исроил эмас, ЮНЕСКО айбдор», деди.
ЮНЕСКО ижроия кенгаши 18 октябрь куни қабул қилган қарорда Исроил бу минтақада тинчлик сақланишини таъминлаши лозимлиги, Масжидул Ақсони Ҳарамуш-Шариф дейиш, унинг ўзига хос маданий мерос экани, мусулмонларнинг муқаддас ибодатгоҳи баён қилинган.
Резолюцияни қабул қилишга 24 мамлакат овоз берди, 6 мамлакат қарши чиқди, 24 мамлакат бетараф бўлди.
Резолюцияда 19 ўринда Масжид Ақсо номи зикр қилинган бўлиб, унга «Ҳарамул-шариф» деган, Исроил Масжидул Ақсо ўрнига ишлатиб келган Ибодат тоғи деган атама ишлатилмаган.



