«Минор» масжиди қурилиши авжида

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида қад кўтараётган «Минор» масжиди қурилиши қизғин давом этмоқда. Бу муҳташам масжид Тошкент шаҳар ҳокимиятининг буюртмасига биноан қурилаяпти.
Лойиҳага кўра «Минор» масжиди 4000 дан ортиқ кишига мўлжалланган бўлиб, қурилиш ишлари 2014 йилнинг охирларида якунланади. Масжиднинг режаси ўзбек меъморчилик санъати анъаналари асосида тузилган бўлиб, у саккиз бурчаклик катта кенг ҳонақоҳ, ертўла ва икки айвондан ташкил топган. Шунингдек, масжид ҳовлисида баландлиги 50 метрлик иккита минора ҳам бор. Масжидда қўшимча хоналар ҳамда бир вақтнинг ўзида юздан ортиқ киши таҳорат олишига мослаштирилган таҳоратхона ҳам бўлади. Масжид ҳовлиси ҳамда автоуловлар учун махсус тўхташ жойлар гўзал манзарали дарахт ва ўсимликлар билан безатилади. Масжид ёнида савдо шохобчалари ҳам ишга туширилиши режа қилинган.
Суратларда кўриб турганингиздек, масжидда қурилиш ишлари авжида. Биз «Минор» жомеъ масжиди қурилишида иштирок этаётган барча олийҳиммат юртдошларимизга Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраб дуо қиламиз, ишбошиларга ва усталарга қуч-қувват тилаймиз. Қурилиш тез кунларда якунланиб, масжиднинг ишга тушишини ва халқимизга муносиб ҳадя бўлишини интизорлик билан кутиб қоламиз.