Ўзбекистонда “Исломий молиялар ва банк тизими” китоби чоп этилди

Ўзбекистонда “Исломий молиялар ва банк тизими” китоби чоп этилди

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сони бугунги кунда 30 млн.кишидан ошиб кетди. Аҳолининг қарийб 95%и мусулмонлардир. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг маълумотига кўра, 16 хил конфессияга мансуб бўлган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг  мавжудлиги давлат ва ҳукуматнинг диний соҳага бўлган эътиборини янада оширади. Дин ишлари қўмитаси ҳузурида Конфессиялар ишлари жамоатчилик кенгаши ташкил этилган ва етакчи диний ташкилотлар раҳбарлари унинг аъзолари ҳисобланади. Мамлакат ҳудудида мусулмонларнинг 2037 та масжиди, 16 конфессияга тааллуқли бўлган 159 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият олиб бормоқда.

         ХВФнинг эътирофига кўра, Ўзбекистон жаҳондаги  иқтисодий ўсишнинг энг юқори кўрсаткичларини қайд этувчи мамлакатлар сирасига киради. Йиллик иқтисодий ўсиш 7-8%ни ташкил этмоқда. Собиқ ҳамдўстлик мамлакатлари  орасида  ҳам Ўзбекистон  энг кўп мусулмонлар аудиториясига эга давлат ҳисобланади (Тахминан 26-27 млн.киши). Аҳолининг катта қисми мусулмонлар бўлган мамлакатда  яна бир хайрли ишга қўл урилди. Собиқ ҳамдўстлик  мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб, йирик иқтисодчи олим, Куала-Лумпур бизнес мактаби президенти профессор Судин Хоруннинг  исломий  молиялаштириш усуллари тўғрисидаги фундаментал асари   "Исломий молиялар ва банк тизими. Фалсафаси, тамойиллари ва амалиёти "китоби ўзбек тилига ўгирилди. Китоб  иқтисодчи Б.Жўраев томонидан  Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси маъсуллари  ва Тошкент Исломи институти ўқитувчиларининг қимматли маслаҳатлари ила нашрга тайёрланган.  Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги   Дин ишлари қўмитасининг 2014 йил 4 февралдаги  тавсияси  билан 5000 нусхада чоп этилди.        
 Китобнинг таркиби ўқувчиларга янги маълумотларни янада изчиллик билан ўзлаштиришга ёрдам беради: базавий асосларни баён қилувчи, шунингдек ёрдамчи мазмундаги бўлимлар бунга имкон беради. Исломий иқтисод тўғрисидаги тушунчалар: исломий банкинг тарихи ва ривожланиши,унинг фалсафаси ва тамойиллари, фаолият масалалари ва амалиёт, исломий банкингга нисбатан қонун ва меъёрлар, ссуда фоизига турли динларнинг нуқтаи-назарлари   базавий асосларга бағишланган. Исломий  суғурталаш, капитал бозори ва бошқа молия муассасалари тўғрисидаги боблар – булар ёрдамчи маълумот  ҳисобланади. Ҳар бир бобнинг якунида келтирилган қўшимча адабиёт ва манбалар шу соҳага тегишли маълумотларни батафсил ўрганишни ҳоҳловчилар учун мўлжалланган

          Ушбу китобнинг асосий мақсади  - исломий молия бўйича ҳар томонлама  билимларни беришга уриниш  ва тармоқнинг  замонавий ривожланишини  кўрсатишдан иборат. Сўнгги тўрт бобда  исломий банкинг, исломий суғурта - такофул ва тармоқларнинг капитал исломий бозори ҳақида сўз боради, чунки айнан капитал бозоридаги инвестициялар диверсификациясининг (тармоқлараро мутаносиб тақсимланиши) ўсиши ҳисобига  исломий банклар тезкор ривожланиш  даврини босиб ўтдилар. Охирги бобда,  исломий молиялаш тизими билан боғлиқ  махсус ташкил этилган ташкилотлар ўрни ҳақида алоҳида сўз боради. Бундан ташқари, ўқувчилар  бошқа мамлакатларда қўлланиладиган турли исломий банк ва молиялаш  андозалари  шарҳи билан танишишлари мумкин. Мазкур китобнинг асосий  аҳамияти –  исломий молия ва банк ишига ҳар томонлама ва замонавий ёндашишдан, уни амалиётга тадбиқ этишни ўрганишдан иборатдир

            2008 йилги жаҳон молиявий инқирозидан сўнг жаҳон иқтисодчилари янги, инновацион молиялаштириш усуллари ҳақида бош қотира бошладилар. Шариат талабларига тўлиқ жавоб берадиган исломий молиялаштириш тизимига  нафақат мусулмон мамлакатларида, балки номусулмон мамлакатларда ҳам катта эътибор қаратила бошланди. Бугунги кунда исломий молиявий активлар салмоғи 1,6 трлн. АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда ва йиллик 15% ўсишга эришмоқда.
            
 Куала-Лумпур бизнес мактаби президенти  профессор Судин Хоруннинг фикрича, "Жаҳон бозоридаги қарз занжири 2008 йилги молиявий инқирозга олиб келгач, исломий молияларнинг жозибадорлиги янада ортди. Глобал қарз инқирози  исломий молиялар тартибга солингани каби қонунлар қабул қилиш лозимлигини, юқори даражада кредит қарздорлиги ва чайқовона амалиётларни таъқиқлаш зарурлигини,шунингдек, оқилона молиявий сиёсат юргизиш  кераклигини аниқ кўрсатиб қўйди.  Шариат ҳуқуқи ҳам  ахлоқ қоидаларига хилоф    битимлар тузишни тақиқлайди ва ижтимоий адолатни қўллаб-қувватлайди, бу эса  хатар ва даромадларни, ижтимоий масъул инвестицияларни ўзаро тақсимлаш билан  таъминланади. Бу ҳам бўлса, анъанавий тизимда мавжуд бўлмаган маънавий ва соф инсоний кафолатлардир."

Китоб мазкур масалада чуқур  шуғулланишни  истовчилар  учун фойдали бўлур эди. Ушбу китоб исломий молиялаштириш фундаментал қирраларини теран тушуниб олиш имконини беради деб умид қилинади. Бу эса сўзсиз, исломий молиялаштириш соҳасидаги билимлар даражасини ошириш  ва уни  глобал молия тизими саҳнасида молиявий ҳамкорликнинг улкан имкониятлари сифатида кўриш  имконини беради.

back to top