www.novza.uz сайти янгиланди

“Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин”. (Тавба сураси, 18-оят.)
Алҳамдулиллаҳ, Раббимизнинг Ўзидан ёрдам, тавфиқ ва ажр-савоб тилаган ҳолда сизларнинг эътиборингизга янгиланган www.novza.uz сайтини тақдим қилмоқдамиз.
Бу сайт юртимизда фаолият олиб бораётган икки мингдан зиёд жомеъ масжидлар орасида энг мукаммал сайтларидан бири бўлиб ишга тушмоқда.
Бу хайрли ишдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ таолонинг розилиги топиш, масжид ҳақида диний ва дунёвий тўлиқроқ маълумот бериш, масжидда олиб борилаётган ишлар ва янгиликлар ҳақида сиз азизларнинг ихлос ва иштиёқингиз, эзгу ниятлардаги саъй-ҳаракатларингизни имкон қадар амалга ошириш.
Ушбу сайтимизда сиз азиз мухлислар асосан Тошкент шаҳридаги “Новза” жомеъ масжиди тарихи, янгиликлари, имом хатиби, ноиби имомлари, мутавалли, ҳайъат аъзолари ва тафтиш аъзолари ҳақида маълумотлар оласизлар.
Булардан ташқари масжидда ўқиладиган намоз вақтлари, жума мавъизари, масжид ходимларининг мақолалари, имом домланинг даврий нашрларда чоп этилган асарлари, китоблари ва қизиқарли маълумотлари билан танишасиз, инша Аллоҳ.
Сайт Ислом.Уз портали ходимлари ёрдамида ишга туширилди.
(Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг сайти, имом Бухорий Тошкент Ислом институти, "Ҳидоят" журнали ҳамда бир қатор жомеъ масжидларининг веб сайтларининг ишга тушишида Ислом.Уз порталининг бевосита ва билвосита иштироки бор. Аллоҳ таоло ҳамкорликларимизни янада баракали қилсин.)
Азизлар! Барчамизга ушбу янги www.novza.uz сайти муборак бўлсин! Аллоҳ азза ва жалла барчамизга тавфиқ ато этсин.