Аргунда тантанали равишда янги масжид очилди

Чеченистоннинг Аргун шаҳрида Рамзан Қодировнинг онаси Айман Қодирова номидаги жомеъ масжид ва "Аргун-Сити" кўп қаватли иморатлар мажмуининг очилишига бағишланган йирик байрам тадбири бўлиб ўтди.
Олдин хабар берилганидек, ушбу очилиш маросимидан олдин спорт ўйинлари, турли хил танловлар, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари кўргазмаси, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва техника воситалари намойиши ва бошқа тадбирлар уюштирилди.
Грознийдаги Аҳмад Ҳожи Қодиров марказий масжидидан бошланиб, Аргундаги Айман Қодирова масжидида ниҳоясига етган югуриш марафонининг ғолиби аниқланди. Марафонда ФХХ (Федерал Хавфсизлик Хизмати)нинг Чеченистон бўйича ходими Равил Зиганшин ғoлиб бўлди. Унга "Форд Фокус" автомобилининг калити топширилди.
Жомеъ масжид, Аргун-Сити 1 ва Аргун-Сити 2 мажмуаларининг очилиш маросимида бутун дунёдан таниқли дин арбоблари иштирок этишди. Улар орасида Мисрдан Шайх Али Жифрий, Саййид Усома Ал-Азҳарий, Марокашдан Шайх Абдул-Мунъим ибн Сиддиқ, шунингдек Саудия Арабистони, Фаластин ва бошқа давлатлардан келган меҳмонлар бор эди. Чеченистон аҳолиси бу тадбирни ТВ ва Интернет орқали бевосита томоша қилиш имконига эга бўлди.
Байрам ҳали ҳам давом этмоқда. Дастурда таниқли ижрочи Моҳир Зайн нашид айтиши ҳам режалаштирилган. Бундан ташқари Испания, Голландия, Швеция, Туркия ва бошқа давлатлардан келган 15 ижрочи ҳам ўз нашидларини ижро қилишади.
Ўтган кеча Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров онаси Айман Қодирова билан Аргун шаҳридаги унинг номи билан аталган масжидни зиёрат қилди. "Агар Буюк Аллоҳнинг хоҳиши билан Ватанимиз ва Исломни ҳимоя қилиб ҳалок бўлган чечен халқи ўғлонларига туну-кун кўзёш тўкадиган оналарнинг кўнглини кўтаришга муваффақ бўлган бўлсам, онам масжид остонасини босиб ўтган вақтида ўзимни дунёдаги энг бахтли ўғил деб ҳис қилдим", дея ўз фикрларини изҳор қилди Чеченистон раҳбари. Унинг сўзларига кўра Айман Несиевна ушбу масжид Чеченистондаги барча оналар учун совға бўлишини хоҳлаган. "Онам масжиднинг ҳар бир қаватига чиқди, барча нарсани диққат билан кўздан кечирди ва қилинган ишлардан жуда ҳам кўнгли тўлди!" - деб қайд қилди Рамзан Қодиров.
Масжид 2011 йилдан қурила бошлаган. Унинг умумий майдони 24 000 квадрат метрдан ортиқроқ. Бундан 6950 квадрат метр - айнан масжид майдони бўлса, қолган 17 000 квадрат метрдан ортиқ ҳудудни унинг атрофини ўраган боғ эгаллаган. Масжид деворлари нодир мармар билан безатилган. Асосий хонақоҳ овал (тухумсимон) шаклда бўлиб, баландлиги 23, диаметри 24 метрли гумбазга эга. Масжидда шунингдек йирик, ярим ой шаклидаги беш тонналик қандил ўрнатилган бўлиб, унинг диаметри 31 метрни ташкил қилади.