Мисрдаги сайловларда маршал Сисий ғалаба қозонгани расман тасдиқланди

Мисрдаги сайловларда маршал Сисий ғалаба қозонгани расман тасдиқланди

Миср собиқ мудофаа вазири, маршал Абдулфаттоҳ Сисий мамлакат президентлиги учун ўтказилган сайловларда ғалаба қозонгани расман тасдиқланди. Бу ҳақда, Миср Олий сайлов комиссияси маълумотларига асосланиб, Agence France-Presse ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Олий сайлов комиссияси раҳбари Анвар Осийнинг маълум қилишича, Абдулфаттоҳ Сисий сайловчиларнинг 96,9 фоиз овозини қўлга киритган. Унинг рақиби – социалист-носирчи Ҳамдин Сабоҳий уч фоиз овоз эгасига айланган.

Қолган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилган. Сайловларда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг 47,45 фоизи иштирок этган. Бу дастлаби тахминлардан кўпроқдир.

Агентликнинг қайд этишича, сайлов комиссияси махсус матбуот анжуманида сайлов натижаларини эълон қилганидан сўнг, бир қатор журналистлар ва давлат хизматчилари хурсандчиликдан қарсаклар чалишган ва рақсга тушишни бошлашган.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йил июлида Мисрда «Мусулмон биродарлар» партияси вакили ҳисобланган Муҳаммад Мурсий ағдарилган эди. Ўтиш даврида Мисрга Конституциявий суд раҳбари Адли Мансур етакчилик қилди.

Сайловларда иштирок этиш учун Абдулфаттоҳ Сисий Миср мудофаа ва ҳарбий саноат вазири ўрнидан воз кечганди. Ўшанда у «президентлик сайловларига ўз номзодини қўйишни талаб қилаётган кўпчилик мисрликларнинг талабини рад эта олмаслиги»ни маълум қилганди.

back to top