Башар Асад президентлик сайловларида овоз берди

Башар Асад президентлик сайловларида овоз берди

Суриянинг амалдаги президенти Башар Асад мамлакат тарихида илк бора муқобиллик асосида ўтказилаётган президентлик сайловларида овоз берди. Сурия етакчиси Дамашқ марказидаги ал-Маликий тумани сайлов участкасига ташриф буюрган, дея хабар бермоқда Agence France-Presse ахборот агентлиги.

3 июнь, сешанба куни Сурияда президентлик сайловлари бошланди. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 7:00 (Тошкент вақти билан 9:00)да очилган. «ИТАР-ТАСС»нинг россиялик халқаро кузатувчиларга асосланиб хабар беришича, сайловда фуқаролар фаол иштирок этишмоқда, сайловчилар орасида ёшлар айниқса кўп.

2014 йил май ойида Сурия Конституциявий суди мамлакат президентлиги уч номзодни рўйхатдан ўтказганди. Хусусан, сайловларда мамлакатнинг амалдаги президенти Башар Асар ҳам иштирок этади.

Амалдаги президентга алепполик 43 ёшли коммунист, «Ўзгариш ва озодлик учун халқ фронти» блокидан сайланган депутат Моҳир Абдул Ҳафиз Ҳажар ва «Ислоҳотлар учун миллий ташаббус» ҳаракати етакчиси, 54 ёшли ишбилармон Ҳасан Абдул Иллоҳи ан-Нури рақиблик қилади.

Сайловларнинг биринчи туридаёқ ғалаба қозониш учун номзод мутлақ кўпчиликнинг – 50 фоиз ва яна битта сайловчининг овозини қўлга киритиши керак. Агар президентлик пойгасининг бирорта ҳам иштирокчиси бу натижага эриша олмаса, сайловларнинг иккинчи тури ўтазилади ва унда биринчи турда энг кўп овоз олган икки даъвогар иштирок этади.

Қайд этиш жоиз, Reuters ахборот агентлиги хабарига кўра, сайлов жараёни яна беш соатга узайтирилган. Ушбу қарор сайловда имкон қадар кўпроқ одам иштирок этиши учун қабул қилинган.

back to top