Алишер Усмонов Тошкентдаги «Минор» масжиди қурилишида қатнашаётгани ҳақидаги хабарни рад этди

Бир неча оммавий ахборот воситаси тарқатган маълумотларга кўра, Тошкентдаги «Минор» қабристони яқинида барпо этилаётган янги масжид қурилишига бизнесмен Алишер Усмонов ҳомийлик қилмоқда. Anhor.uz’нинг хабар беришича, бу янгиликни «16/12» телеканали маълум қилган ва шундан сўнг бошқа нашрларда ҳам ушбу хабар тарқалган.
Бу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Anhor.uz нашри Тошкент шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилган, деб ёзади Daryo.Uz. «Минор» қабристони яқинида барпо этилаётган масжид қурилишининг буюртмачиси пойтахт ҳокимияти қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ҳисобланади. Бино лойиҳаси «Ташгипрогор» очиқ акциядорлик жамияти томонидан лойиҳалаштирилган. Масжид лойиҳаси Тошкент шаҳар бюджетидан молиялаштирилмоқда», — дейди Шаҳар архитектураси ва қурилиши бошқармаси директор ўринбосари Собир Саидов.
Юқоридаги хабарни қайта текшириш учун Anhor.uz Алишер Усмонов билан боғланганида, бизнесмен қуйидагича жавоб берган: «Мен Тошкентдаги масжид қурилишида иштирок этаётганим ҳақидаги текширилмаган ва ишончсиз маълумотларни бир неча ОАВдан эшитиб ҳайрон бўлдим. Мен бу қурилишда қатнашмаяпман. Агар менга қурилишда иштирок этишимни сўраб мурожаат қилишса, шундай муҳим лойиҳага ўз ҳиссамни қўшишга тайёрман».
Шундай қилиб, Алишер Усмонов Тошкент марказидаги масжид қурилишини молиялаштираётгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмади. Бу гап-сўзлар масжид қурилишининг мутасаддиси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари Мираброр Усмонов билан Алишер Усмонов фамилиядош бўлгани туфайли пайдо бўлган, деб ёзади Anhor.uz.
Қайд этиш жоиз, аввалроқ масжид қурилиши Ўзбекистон Президенти томонидан 2013 йил июль ойида имзоланган, Тошкент шаҳридаги «Минор» маҳалласи ҳудудида масжид қуриш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарорига асосан амалга оширилаётгани, қурилиш ишлари Ўзбекистон давлат бюджети ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси маблағларига эвазига молиялаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.