«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси яна бир мукофотга сазовор бўлди!

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси яна бир мукофотга сазовор бўлди!

Бошимизга нурли соябон бўлиб кириб келган муборак Рамазони шариф арафасида Аллоҳ таоло биз ожиз бандаларига лутфу карам айлаб, кўнгилларимизни яна бир бор хушнуд қилди. Бу йил ҳам 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарида «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуасига «Йилнинг энг яхши технологи» деган фахрий унвон берилиб, махсус диплом ва қимматбаҳо ҳадя топширилди.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, халқимизнинг асл қадриятларини тиклаш, пок динимиз ва мусаффо эътиқодимизни ўрганиш ва ўргатиш, зиё-маърифат таратиш, буюк аждодларимизга муносиб авлодларни тарбиялаш ишида баҳолиқудрат иштирок этишдек эзгу ниятлар билан ташкил этилган «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуасининг фаолияти бу йил ҳам муносиб тақдирланди. Албатта, бундай мукофотлар аввало зиммамизга юксак масъулиятлар юклайди, хайрли ишларда янада собитқадам бўлишимизни, берилаётган бу имкониятлардан янада тўлароқ фойдаланишимизни тақозо этади.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда мазкур мукофот тантанали равишда матбаамиз мудири Абдувосит Қамбаровга топширилди 
Ислом.уз портали ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуасининг ижодий гуруҳи ва меҳнат жамоаси бутун дунёдаги ҳамкасабаларини, хусусан, динимизни ўрганиш ва ўргатиш борасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида фаолият олиб бораётган барча касбдошларини ушбу касб байрами билан муборакбод этади, сиз азиз мухлисларимизга эса холис дуоларингиз, руҳий-маънавий қўллаб-қувватлаб, ҳайриҳоҳ бўлиб турганингиз учун ташаккурлар айтади.
Фурсатдан фойдаланиб, барчамизнинг устозимиз, дуогўйимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини ҳам бу мукофот билан табриклаймиз. Аллоҳ таоло Ўзининг розилиги учун, эл-юртнинг тинч-осойишталиги, порлоқ келажаги ва бахтли охирати учун қилаётган саъй-ҳаракатларимизга ривож ва баракотлар ато этсин, хайрли ишларимизни бардавом, ажру мукофотларини мўл қилсин, омин!

back to top