Юсуф Қаразовий: халифаликни эълон қилиш шариатга хилоф

Шанба куни, Дўхада таниқли ислом олими ҳамда мусулмон дунёсининг интеллектуал пешволарининг бири ҳисобланган шайх Юсуф Қаразовий, "Исломий давлат" гуруҳи тарафидан ўзлари назорат ўрнатган Ироқ ва Сурия ҳудудларида "халифалик" ўрнатилганини эълон қилиши шариат талабларига жавоб бермаслигини айтди, деб хабар қилади Arab News.
"Албатта, биз халифалик тезда ўрнатилишини кутяпмиз, деди олим. Бироқ, "Исломий давлат" қилган эълони шаърий нуқтаи назардан тўғри эмас. Ҳамда бу нарса Сурияда курашаётганлар ва Ироқнинг суннийлари учун хавфи оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Қаразовий сўзига кўра, радикал қарашлари билан танилган бир гуруҳ тарафидан "халифа тайин" қилиниши шариат талабларига мувоффиқ эмас.
"Халифа унвонини бир гуруҳ эмас, балки бутун мусулмон уммати бериши мумкин", деб қўшимча қилди Қаразовий.
Эслатиб ўтамиз, бир хафта олдин "Исломий давлат" гуруҳи ўзлари назорат ўрнатган ҳудудларда "халифалик" ўрнатилганини эълон қилдилар. Унинг тарафдорлари бутун дунё мусулмонларидан гуруҳ раҳбари Абу Бакр Бағдодий байъат қилишларини талаб қилишди. Бу эса, бутун дунё мусулмонлари орасида турли хил фикрларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.