Уйғур элида рўза тутишни чеклаш сиёсати

Уйғур элида рўза тутишни чеклаш сиёсати

Бу йил Рамазон кириши билан Хитой расмийларининг уйғур элидаги мусулмонларнинг рўза тутишини чеклаш бўйича ҳатти-ҳаракатлари очиқчасига эмас, балки зимдан амалга оширилаётгани маълум бўлди.

Кузатувчилар уйғур элининг бу йилги Рамазонга оғир сиёсий босим ва чекловлар остида кириб келаётгани, хитой расмийларининг уйғурларга нисбатан қаттиқ қўл сиёсати аввалгидек давом этаётганини таъкидлашмоқда.

Маълум бўлишича, Рамазон ойи бошланиши билан баъзи вилоят ва туманларда зимдан ташвиқот юритилиб, ишчи-хизматчилар, таътилдаги кадрлар ҳамда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг рўза тутишига чеклов қўйилган.

Мисол учун, Хитой компартияси ташкил топганининг 91 йиллигини нишонлаш муносабати билан 1 июль куни баъзи туманларда ҳукумат зиёфат ўтказилиб, мусулмон кадрларни еб-ичишга мажбур қилгандек бўлган.

Бортала вилояти радио-телевидения университети билан Қашғор вилояти об-ҳаво маълумот бериш идораси ўзнинг мусулмон ходимларидан “рамазон кафолатномаси”ни ёзиб беришни ҳамда рўза тутмаслик ва бошқа диний маросимларга қатнашмаслик ҳақида ваъда беришга мажбурлаган.

Турфан вилоятида баъзи корхоналар ҳам қўл остидаги мусулмон маъмурларига рўза тутишни ва диний маросимларда иштирок этишни чеклаган. Қарақаш тумани ахборот идорасида ҳам шу мазмунда огоҳлантириш чиқарилиб, уйғур миллатидаги ишчи-хизматчиларнинг “рамазон кафолатномаси”ни  ёзиб имзо чекишларини талаб қилинган.

Бортала вилоятида радио-телевидение университетининг мактаби чиқарган бу мазмундаги огоҳлантиришда қуйидагилар ёзилган: “Бугунги йиғин ва махсус огоҳлантириш орқали кўпчиликка шуни маълум қиламизки, мактабимизда ҳар қандай ўқитувчи ва ўқувчининг рўза тутиши ва бошқа диний маросимларда қатнашишига йўл қўйилмайди. Агар мактабимизда бундай ҳолат мавжудлиги аниқланса, ким бўлишидан қатъий назар, ўрни ва салоҳияти бекор қилинади”.

Қизиғи шундаки, Хитойнинг бошқа минтақалари олий мактабларида таълим олаётган уйғур талабалари учун рўза тутишга оид ҳеч қандай чекловлар қўйилгани йўқ.

Шундай университетлардан бирида таълим олаётган уйғур талабаларидан бирининг айтишича, университетда юзга яқин уйғур талабалари олдингидек рўза тутиб келяпти. Унга кўра, университет ошхонасида уйғурлар ва бошқа мусулмон ўқувчилар учун ҳар куни саҳарлик ва ифторликлар тайёрлаб берилмоқда. Баъзи таълим муассасаларида ҳатто рўза тутувчиларни мактаб ошхоналари пулсиз таом билан таъминламоқда.

Асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган Уйғур автоном ўлкасида рўза тутиш чекланган, холос. Хитой расмийларининг бошқа ўлкаларида мусулмонларнинг рамазон ибодатларига нисбатан чекловлар йўқлиги Хитой ҳукуматининг минтақаларга қараб алоҳида сиёсат юргазаётганини кўрсатмоқда...

Уйғур тилидаги манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top