Фатво: "Экстремистларни "Исломий давлат" деб атаманг!"

Фатво: "Экстремистларни "Исломий давлат" деб атаманг!"

Мисрдаги Ислом оламидаги нуфузли "Дорул ифто" - Фатво ҳайъати ўзларини "Исломий Давлат" деб атаган Ироқ ва Суриядаги исломий жангариларни бу ном билан атамаслик чақириғи билан чиққан.

Фатво ҳайъати мусулмонларнинг руҳоний ва кундалик ҳаётига доир масалалар бўйича фатволар эълон қилиб турадиган идора ҳисобланади.
"Дорул ифто" 24 август куни "Исломий Давлат" иборасини қўлламаслик мақсадидаги Интернет кампанияни бошлаган.
Мухбирларнинг ёзишларича, бу кампания дунё мусулмонлари раҳбарлари орасидаги "даҳанаки жанг"ни янада авж олдиради.
"Даҳанаки жанг" Ироқ ва Сурияда катта ҳудудни ўз назоратига олган ва ўзларини "Исломий Давлат" деб эълон қилган сунний жангарилар гуруҳи атрофидадир.
Бу гуруҳ содир этаётган ҳужумлар, оммавий қатллар, Шиа мақбараларини вайрон этиш, диний озчилик вакилларини таъқибга олиш ва инсонлар бошларини таналаридан жудо қилиш амалиётлари ҳам мусулмон ва ҳам мусулмон бўлмаганларни ларзага солган.
Қатор диний уламолар бу гуруҳ амалларини қоралаганлар, улар содир этаётган ишлар Исломнинг барча тамойил ва диний қоидаларига зид эканини айтиб, бу гуруҳнинг ўзини Ислом дини учун таҳдид деб атаганлар.
Мисрдаги Фатво ҳайъати хорижий оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилган ва "Исломий Давлат" иборасидан воз кечиб, "Ироқ ва Суриядаги "Ал-Қоида бўлгинчилари"(al-Qaida Separatists in Iraq and Syria - QSIS) деб аташни таклиф қилган.
"Дорул ифто" бундан кейин Интернет ижтимоий тармоқларида ҳам кампания бошлаш, Ироқ ва Суриядаги гуруҳ фаолияти ҳақида жаҳондаги уламоларнинг фикрларини эълон қилиб бориш ниятида эканини маълум қилган.

back to top