«Умматнинг тикланишида уламоларнинг роли»

«Умматнинг тикланишида уламоларнинг роли»

2014 йилнинг 20-22 август кунлари Туркия пойтахти Истамбул шаҳрида Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси Бош ассамблеясининг IV сессияси бўлиб ўтди. Ушбу хайрли анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан келган 600 дан ортиқ уламолар иштирок этишди. Анжуманда уюшма котиблар кенгашининг аъзоси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам иштирок этдилар.

Маълумингизким, Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси 2004 йилда таъсис этилган бўлиб, шундан буён унга Ислом оламининг кўзга кўринган олимларидан бири шайх Юсуф Қарзовий раислик қилиб келади. Уюшманинг Бош котиби эса шайх Али Қорадоғий бўлиб, бу йилги анжуманга у киши раислик қилдилар.  
Анжуманнинг очилиш маросими Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Дуолардан сўнг доктор Исомул Башир анжуманни очиқ деб эълон қилди ва бу йилги сессиянинг режаси ҳамда асосий мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритиб, Фаластин масаласи ҳақида, Ғазо секторида юз бераётган кўнгилсизликлар алоҳида тўхталиб ўтди.
Очилиш маросимида Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмасининг раиси Юсуф Қарзовий ҳам нутқ сўзлаб, унда Ражаб Тоййиб Эрдўғонни соф демократик йўл билан сайловлардаги ғалаба билан табриклади.
Бу йилги сессия доирасида замонамизнинг энг долзарб масаласи – «Умматнинг тикланишида уламоларнинг роли» мавзусида катта анжуман ҳамда Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмасининг ўн йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

back to top