Ҳамас: “АҚШ Исроилнинг Ғазодаги жиноятларига шерикдир”

Ҳамас: “АҚШ Исроилнинг Ғазодаги жиноятларига шерикдир”

Фаластиннинг “Ҳамас” ташкилоти етакчиларидан бири Маҳмуд ал-Заҳар АҚШни “Исроилнинг Ғазодаги жиноятларига шерик”, деб атади. Жумладан, “Al-Quds” телеканали орқали чиқиш қилар экан, ал-Заҳар ўз фикрига аниқлик киритган: “Биз АҚШ деганда унинг маъмуриятини назарда тутмоқдамиз, кўчаларни тўлдириб Исроилнинг жиноятларига қарши намойишларга чиққан аҳолисини эмас”.

Ўз фикрида давом этар экан, Маҳмуд ал-Заҳар шундай деб қўшимча қилган: “Биз яшаш ҳуқуқига эгамиз ва  қамалнинг бекор қилинишига ҳақлимиз... қамал ҳеч қандай “нарҳ”сиз бекор қилиниши керак... (жумладан,) Ғазодаги аэропорт ва денгиз бандаргоҳи Ёсир Арафот даврида барпо этилган эди, (Исроил) уни бузиб ташлади. Уларни қайта тиклашга ҳақлимиз... ким бизга ҳужум қилса, биз ҳимояланамиз”.
Эслатиб ўтамиз, 1987 йилда ташкил этилган “Ҳамас” ташкилоти ҳозирда Фаластиндаги етакчи сиёсий-ижтимоий ҳаракат бўлиб, 2006 йилда ўтказилган парламент сайловларида асосий ғолибликни қўлга киритган. Ташкилот хартиясига кўра, унинг асосий мақсади Фаластинни озод қилишдан иборат. Исроилнинг шериклари АҚШ, Британия, Канада, Австралия каби бир нечта мамлакатлар “Ҳамас”ни террористик ташкилот, деб атасалар-да, Эрон, Россия, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, аксарият араб давлатлари ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларида у Фаластин халқининг қонуний вакили ҳисобланади.
Яқинда Фаластин сиёсат ва тадқиқотлар маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, фаластинликлар “Ҳамас”ни янада кўпроқ қўллаб-қувватлашаётгани маълум бўлди. Сўровда иштирок этганларнинг салкам 80 фоизи “Исроилнинг яқиндаги хунрезликларига қарши “Ҳамас” ғалабага эришган”, деб ҳисоблашмоқда.

back to top