Исроил Ғарбий Соҳил ерларини эгаллаб олишни давом эттирмоқда
Жаҳоннинг қатор оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, Исроил Фаластиннинг Ғарбий Соҳил қисмидаги ер участкаларини ноқонуний тарзда эгаллаб олишни давом эттирмоқда.
Жумладан, Исроил расмийлари Фаластинга қарашли 400 гектар ер майдонини ўзига қўшиб олаётганлигини ва бунга қарши чиқувчилар 45 кунлик муддат ичида арз қилишлари мумкинлигини маълум қилган (бундай арз қайси манзилга йўлланиши хабарларда айтилмаган). Фаластин маъмурияти Исроилнинг бундай тажовузига қарши дипломатик ҳаракатлар воситасида таъсир этишга чақирган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Исроилнинг Фаластинга қарашли 400 гектар ер майдонини қўшиб олиш ҳақидаги режаси сўнгги ўттиз йилдаги энг йирик “ер тажовузи” бўлиши мумкин.
Жаҳоннинг қатор мамлакатлари Исроилнинг мазкур ҳаракатларини қоралаб, уни тажовуз қилишдан тўхташга чақирганлар.
Жумладан, Миср расмийлари бу ҳақида изоҳ беришар экан: “Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги ерларни ўзлаштириб олиш режаси халқаро ҳуқуққа зид бўлиб, у Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятларга барҳам беришга тўсқинлик қилади. Бу ижобий қадам эмас. У тинчликни ўрнатиш жараёнига салбий таъсир этади.”, – деб таъкидлашган.
АҚШ Давлат департаменти Исроилнинг мазкур режасини “контрпродуктив” деб атаган ва ушбу режани тўхтатишга чақирган.
Британия ҳукумат вакиллари эса, “Исроилнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари унинг халқаро майдондаги обрўсига футур етказишини” маълум қилганлар.
Айрим минтақашунос мутахассислар Исроил ва унинг азалий шерикларининг бу каби шубҳали ҳаракатларини навбатдаги “сиёсий найранг”дан бошқа нарса эмас, деб баҳолашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1967 йилдаги Исроил-Араб уруши натижасида, Фаластин давлатини ташкил этиш учун белгиланган Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилидаги ерларнинг кўп қисми, шу жумладан, Қуддуси Шарифнинг ҳам ярми Исроил томонидан босиб олинган эди. Бугунга келиб, босиб олинган ерларга 500 мингга яқин яҳудийлар жойлаштирилган ва у ерларда Исроил томонидан 200 дан ортиқ аҳоли манзиллари барпо этилган. Фаластин маъмурияти ва халқаро ҳамжамиятнинг дипломатик “баёнот” ва “гап-сўзлари”га қарамай, Исроил Фаластин ерларини фаол ўзлаштиришда давом этмоқда. Халқаро ҳуқуққа кўра, Исроил томонидан Фаластинга ажратилган ерларда барпо этилган “аҳоли манзиллари” ноқонуний ҳисобланади.



