Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари ҳаж сафарига жўнаб кетди
15 сентябрь куни, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 499 нафардан иборат дастлабки гуруҳлари иккита рейсда Тошкент – Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган “Жулнор ат-Тоййиба” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 4500-5000 метр узоқликдаги тўрт буржли “Муҳаммадия” меҳмонхонаси тайёрланган.
Ўзбекистонлик ҳожилар Мадина шаҳрида 3 кеча-4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 25 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 30 нафар шифокор ва 10 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.
Жорий йилнинг 15-26 сентябрь кунлари ўзбекистонлик 5200 нафар зиёратчини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Тошкент – Мадина, Бухоро – Мадина, Самарқанд – Мадина, Термиз – Мадина, Фарғона – Мадина, Андижон – Мадина ҳамда Урганч – Мадина йўналишларида ҳаж сафарига жўнатиш режалаштирилган.



