Хитой суди уйғур етакчисини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди
Урумчи халқ ҳакамлик суди мамлакатдаги уйғурларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кўзга кўринган уйғур етакчиларидан бири, Пекиндаги Минцу университети профессори, иқтисод фанлари доктори Илҳом Тўхтини айримачилик айблови билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақида Халқаро ислом янгиликлари агентлиги – IINA хабар қилмоқда.
Агентликнинг маълум қилишича, Илҳом Тўхти мамлакатдаги уйғурларнинг аҳволи ҳақида нисбатан мўътадил тарзда фикр билдириб келган бўлса-да, шу йил январь ойида у Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ҳибсга олинган. Профессор Тўхти билан биргаликда етти нафар талаба ҳам қамоққа олинган эди.
Адвокатнинг таъкидлашича, “суд иши ҳаддан ташқари сиёсийлаштириб юборилган. Илҳом Тўхтининг айби йўқ ва у суд ҳукмига нисбатан аппеляция қилиш ниятида”.
Профессор Тўхти “Uyghur Online” интернет саҳифасини юритган бўлиб, унда хитой (хань) ва уйғур миллатига мансуб олимлар ўртасида ўзаро мулоқотни ривожлантиришга интилган. Бироқ, прокуратура томонидан қўйилган айбловга кўра, профессор Тўхти шу йўсин Шинжон-Уйғур автоном ўлкаси учун мустақиллик ғояларини илгари сурган.
Суд қарори эълон қилингач, бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам ўзларининг бу борадаги ташвишларини маълум қилишган ва Илҳом Тўхтини “виждон маҳбуси” деб атаб, Хитой мутасаддиларидан уни “зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз” озод қилишларини сўраганлар.



