Исроил ўт очишни тўхтатиш келишувини бузмоқда
Ҳафта бошида Исроил ҳарбийлари Ғазо Секторида бир нечта фаластинликка қарата ўт очишган. Хусусан, исроилликлар 16 ёшли фаластинликни нишонга олишган бўлиб, ўсмир чап оёғидан яраланган. Бундан ташқари, исроилликлар Ғазо соҳили яқинида бир неча нафар фаластинлик балиқчиларни ҳам ҳибсга олишган. Шунингдек, 22 ёшли фаластинлик фермер ҳам Исроил ҳарбийларининг ўқидан шикастланган.
Хабар қилинишича, Исроил кучлари Фаластин аҳолисини турли баҳоналар билан мунтазам равишда нишонга олишда давом этмоқда. Уларнинг бундай зўравонликлари натижасида бир қанча тинч аҳоли вакиллари, жумладан кундалик юмушлари билан банд бўлган фаластинликлар азият чекмоқдалар.
Исроилнинг бу каби ҳаракатлари Фаластин томонидан ўт очишни тўхтатиш келишувининг бузилиши сифатида баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва Фаластин ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви жорий йил 26 август куни Миср воситачилигида имзоланган эди. Унга кўра, томонлар ўт очишни тўхтатиш мажбуриятини олганлар. Исроилнинг 51 кун давом этган хунрезлиги оқибатида 2160 нафар фаластинлик қурбон бўлган ва яна 11 минг нафари турли даражада жароҳатланган эди. Уларнинг асосий қисми тинч аҳоли вакилларини, шу жумладан болалар ва аёлларни ташкил этади.



