Шинжон-Уйғур автоном ўлкасида портлашлар содир этилди
Қатор оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, якшанба куни Хитойдаги Шинжон-Уйғур автоном ўлкасининг қатор туманларида бир нечта портлаш содир этилган. Турли манбаларда, қурбон бўлганларнинг сони 40 нафаргача етиши мумкинлиги ва кўплаб кишилар яралангани айтилмоқда. Хусусан, учта портлаш ўлканинг жанубидаги Лунтай туманида содир этилган.
AFP ахборот агентлиги “портлаш сабаблари ҳозирча аниқ бўлмаса-да, расмий Пекин мазкур зўравонлик орқасида ўлка мустақиллигини истаётган “террористик” гуруҳлар турган”, деб хабар тарқатган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда Шинжон-Уйғур автоном ўлкасида бу каби ҳужумлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, шу йил май ойида Урумчи шаҳридаги бозорларнинг бирида содир этилган ҳужум натижасида 30 киши, шунингдек Хитой жануби-ғарбидаги Кунминь шаҳри темир йўл вокзалидаги пичоқбозлик оқибатида 29 киши ҳалок бўлган эди.
Кузатувчиларнинг фикрича, Хитойдаги бундай вазиятга мамлакатдаги уйғурларга нисбатан олиб борилаётган “камситиш” сиёсати ҳамда улар ҳуқуқ ва эркинликларининг мунтазам равишда бузиб келинаётганлиги сабаб бўлмоқда.



