АҚШ ҳарбийларининг бир қисми Афғонистонда қоладиган бўлди
Сешанба куни АҚШ ва Афғонистон расмийлари АҚШ ҳарбийларининг бир қисми 2014 йилдан сўнг ҳам Афғонистонда қолиши ҳақида келишув имзоладилар. Келишувни имзолаш маросими Ашраф Ғани Афғонистоннинг янги президенти сифатида қасамёд қилган куннинг эртасигаёқ президент саройида бўлиб ўтди ва телевидение орқали намойиш этилди.
Келишувга кўра, жорий йил якунлангач АҚШнинг 9,8 минг нафар аскари Афғонистонда қолишни давом эттиради. Уларга НАТОга аъзо бир нечта давлат, шу жумладан, Германия ва Италия ҳарбийлари ҳам қўшилиши ва хорижий қўшиннинг умумий миқдори 12,5 минг нафарни ташкил этиши хабар қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, душанба куни ўз президентлик ваколатларини топширган Ҳамид Карзой НАТО ҳарбийларининг 2014 йилдан сўнг Афғонистонда қолишига қарши эканлигини бир неча бор маълум қилганди. Янги сайланган президент Ашраф Ғани эса ўз сайлов кампанияси бошланган пайтданоқ Ҳамид Карзойнинг бундай фикрини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлаб келган.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Афғонистонда НАТОнинг 41 минг нафар қўшини қолмоқда. Уларнинг сони 2012 йилда энг кўп бўлиб, ўшанда 130 минг ҳарбийни ташкил этган эди.



