110 ёшли онахоннинг Ҳаж ибодати

110 ёшли онахоннинг Ҳаж ибодати

Ингушетиялик 110 ёшли онахон – Мадинат Дзадзиева бу йил Ҳаж ибодатини адо этиб қайтди. Мазкур аёл нафақат Ер куррасининг энг қария аёли, шу билан бирга бу йилги Ҳаж мавсумидаги энг ёши улуғ аёл ҳамдир.

Ингушетия оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, Кантышево қишлоғининг фуқароси бўлган Мадинат она 1987 йили ожиз (кўр) бўлиб қолган. Шунга қарамай, Исломнинг беш шартидан яна бирини бажариш, яъни муборак жойларга бориб, ҳожи она бўлиш умидини асло йўқотмаган. Мадинат онани ибодат сафарига ўғли Муҳаммад кузатиб қўйган.

Ингушетия муфтийси – Исо ҳожи Хамхоевнинг айтишича: мана шу ёшга келиб Маккаи Мукаррамада ибодатини адо этиши жуда кўпчиликнинг, хусусан ОАВ-нинг эътиборини жалб қилди.

“Мадинат Дзадзиева (Дударова) Нальчик шаҳридан Иордания (Урдун)га парвоз қилган, у ердан эса яна ўзга йўловчилар билан 1700 км. йўл босиб, Мадинаи Мунавварага етган.

Биз бу онахон ҳақда хабар топишимиз билан Россия Элчихонаси билан боғланиб, онахонни (қийналмаслиги учун) тўғри уйига етказилиши масаласини ҳал қилиб олдик.

Албатта, бизнинг юртдошимиз – ҳам эътиборимизга, ҳам таажжубланишимизга сабаб бўлди. Онахонга ҳавас қилдик. Аллоҳ унга муборак Ҳаж ибодатини бажариши учун куч ато қилди”, - деди Исо ҳожи Хамхоев.

Россия Ҳожилик хизмати вакилларининг айтишича, бундай ажойиб ҳодиса сўнгги ўн йиллар мобайнида умуман кузатилмаган эди. 110 ёшга кирган онахоннинг Ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида сафарга чиқиши – ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаганди.

* Аллоҳ Таоло Мадинат онанинг ҳам, ўзга ҳожиларимизнинг ҳам ибодатларини қабул айласин...

Энг ожиз банда тайёрлади

back to top