Ўзбекистон Россиядан қарзми?

Ўзбекистон Россиядан қарзми?

Сал аввалроқ Россия Оммавий ахборот воситаларида бир қатор мақолалар пайдо бўлиб, унда россиялик хонаки «экспертлар» тўсатдан гўёки Ўзбекистоннинг Россиядан давлат қарзи борлигини эслаб қолишди, ва бу қарзни бир неча юз миллион АҚШ доллари деб баҳолаб ҳам беришди.
Айнан шунинг учун ҳам эксперт сўзини қўштирноққа олиб қўйдик, чунки оммани завқлантириб, ўз хўжайинларини кўнглини олиб юрувчи касб эгаларини англатувчи сўзни матбуотда ишлатгимиз келмади. Бу экспертларнинг ақлий мулоҳазалари маҳсулоти ўлароқ кишини ҳайрон қолдирадиган хулосалар пайдо бўлди ва бу хулосаларни қатор Россия Оммавий ахборот воситалари ўйлаб ўтирмасдан тарқатишга шошилишди. Масалан: «90-йиллар охирида Ўзбекистон Олий Мажлиси ўзининг навбатдаги сессиясида Россия корхоналарининг қарзини ягона давлат қарзи деб тан олмаслик хақида карор қабул қилди». Балки бу нарса «Россия корхоналари» учун аламли бўлгандир, бироқ, нима учун Ўзбекистон Парламенти бошка давлат корхоналари қарзини давлат қарзи деб тан олиши кераклиги унчалик тушунарли эмас.

Гап нима хақида кетаётгани «эксперт»нинг бошка жумласидан ойдинлашади. «…Ўзбекистон, худи бошқа постсовет давлатлари сингари, рубль зонасидан чиқишга мажбур бўлган ва Россиядан товар ва техникаларни насияга олиб турган». Бу жумладаги асосийси бўлиб «мажбур бўлган» ибораси ҳисобланади. Ҳар бир Ўзбекистонлик ва бошқа постсовет давлатида яшаётган ёши ката одамлар рубль зонаси қандай парчаланганини жуда яхши эслайди, чунки улар бу жараённинг барча «лаззати»ни ўз бошидан ўтказганлар (аввало Россия томонининг ҳаракатлари туфайли).

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида МДҲ давлатлари «маданий ажрашиш» жараёнида фаол иштирок этишди, чунки бирпасда ажрашиш ва чегараланиб олиш 70 йил давомида ўрнатилган алоқалар мавжудлиги туфайли амалда мумкин эмас эди. Ва собиқ иттифоқдош республикаларни махкам боғлаб турган асосий омиллардан бири – бу ягона рубль зонаси эди.

Бу зона узоқ вақт мавжуд бўлиб тура олмаслигини ҳамма тушунарди, бироқ, унинг парчаланишини келишган ҳолда амалга ошириш зарур эди. Акс ҳолда, собиқ иттифоқ республикаларидан хатто биттасининг рубль зонасидан чиқиши ҳам керак бўлмай қолган нақд пул миқдорининг ҳаммасини аввало Россия ва бошка рубль зонасида қолган мустақил давлатларга оқиб келишига сабаб бўлар эди. Шунинг учун 1993 йил августида Россия худудида янги қоғоз пулни муомалага киритилиши тиниқ осмондаги момоқалдироқдек янгради.

Эски намунадаги қоғоз пуллар эса жуда тез қадрсизланиб, барча МДҲ давлатларига, жумладан Ўзбекистонга ҳам, оқиб кела бошлади. Бу оқим энг зарур истеъмол молларини «ювиб кета» бошлади ва аҳоли жамғармаларини космик тезликда йўқ қилиб юборган мисли кўрилмаган инфляцияни келтириб чиқарди.
Маълум нуқтаи назардан қараганда Россия даҳоларча йўл тутди: МДҲ давлатлари Россияга бош оғриғи сифатида рубль массасини қолдириб, бирин-кетин рубль зонасидан чиқишини кутиб ўтирмасдан, бу зонадан биринчи бўлиб ўзи чиқиб қўя қолди. Пул муомаласи, саноат ва бошқа сохаларда оддий одамлар ҳисобига ўша пайтда яна қанча «даҳоларча» ихтиролар қилинганини ҳозирда «Форбс» журнали рўйхатини тўлдириб турган россиялик олигархлар ҳаммадан ҳам яхши билишади.

 Бўлғуси россиялик олигархларнинг бундай «даҳоларча» юришларидан бири бўлиб «техник кредитлар» хисобланади. Маълумки, иттифоқ давлати парчаланиши даврига келиб, Ўзбекистон халқ хўжалигининг 70 фоизини иттифоқ ва иттифоқ-республика бошқарувидаги корхоналар ташкил қилиб, уларнинг фаолияти маҳаллий даражада назорат қилинмасдан, Москвада жойлашган кўп сонли «бошқарма» ва «бирлашмалар» томонидан бошқарилган. Ушбу иттифоқ тасарруфидаги бошқармаларнинг маҳаллий бўлинмалари эса, бутун совет даврида юритилиб келинган меҳнат тақсимоти натижасида, ишлаб чиқарилган маҳсулотни ва ундирилган хом ашёни сотиш ва ўз фаолиятини юритиш учун зарур бўлган барча маҳсулотларни сотиб олиш масалаларида тўлиғича марказга қарам эди. Ушбу хўжалик бирлашмаларининг рахбарлари тезда англаб етишдики, мутлоқ танқислик (дефицит) ва «ёввойи бозор» авж олган шароитда ҳар қандай турдаги захираларга элтувчи «калит»нинг мавжудлиги, ҳеч қандай кооперативчининг хаёлига ҳам келмаган афсонавий хажмдаги фойдани келтириши мумкин.
Бир зумда уларнинг атрофида хар хил воситачи тузилмалар пайдо бўла бошлади; кўпинча бу тузилмалар корхона «хўжайин»ларининг қариндошлари ёки дўстларига тегишли бўларди. Ушбу воситачи тузилмаларнинг ягона фаолият тури бўлиб, ўзлари тўсатдан рахбар бўлиб қолган корхоналар омборларида қолган нарсаларни бир неча бор кимматига сотиб юбориш хисобланар эди.

Айни пайтда, қанчалик тез сотиб юборишса, захиралар шунча тез камайиб борар, нархлар ва устама фойда пуллар шунча тез ўсар эди. Агар илгари марказдан жўнатилган маҳсулот эвазига республикалардан маҳсулот жўнатиб турилган бўлса, энди, марказдаги маҳсулот ишлаб чиқариш билан хеч кимни иши бўлмай қолгач, собиқ иттифоқ республикаларидаги корхоналар ўзлари юборган маҳсулот эвазига арзимаган чақа ола бошладилар; шу билан бирга Россиядан келадиган маҳсулот учун эса бир неча бор кўпайтирилган нарх тўлай бошладилар. Табиийки, Россиядаги корхоналар ва уларнинг МДҲ давлатларидаги бўлинмалари ўртасидаги хисоб-китобда тафовут юзага келди. Айнан шу тафовутни кимдир «техник кредит» шаклида расмийлаштиришни ўйлаб топди.

Четдан қараганда ҳаммаси маданиятли ва бозор қоидалари бўйича кетаётгандек эди: маҳсулот сотилмоқда, товар харакати эса «техник кредитлар» (корхона бўлинмалари бўйнидаги) шаклидаги ўзаро хисоб-китоблар билан расмийлашган. Аслида эса, корхоналар сунъий равишда банкротликка олиб борилаётган эди, чунки «техник кредитлар»ни ундириш мумкин эмаслиги бошиданоқ маълум эди. Аммо буни хеч кимга қизиғи йўқ, асосийси – сотиш, ўзига қарашли ўртамчи тузилмалар орқали улкан фойда олиш эди.

Айнан мана шу Ўзбекистонда жойлашган, бироқ Москвадан туриб бошқариладиган ва таъминланадиган корхоналар бўлинмаларининг сохта қарзларини Ўзбекистон парламенти тан олишдан бош тортган. Қолаверса, бундай «техник кредитлар» хўжалик субъектлари орасидаги хисоб-китобларни юритиш учун пачкалаб ёзилар эди, давлат эса бу хисоб-китобларга умуман аралашмас эди. Шу боис «техник кредитлар»ни давлатлараро талаблар ёки қарзларга айлантиришга бўлган уринишларни тушуниш кийин эди.

Бошқа нозик жихат – ушбу техник кредитлар ва қарзлар хажмини АҚШ долларига боғлаш холати эди. Ўша «техник кредит»лар гуллаган пайтларда пул босиб чиқариш стахановча жадаллик билан амалга оширилгани боис Россия хукумати инфляциянинг рекорд даражасина қайд этишга эришган эди, бу 1992 йилда 3380 % ни, 1993 йилда 1000 % ни ташкил этган. Бундай шароитда Россия рублининг хакиқий қиймати хақида ёки уни эркин конвертацияланадиган валютага айлантириш механизми хакида тасаввур хосил қилишнинг иложи йўқ эди. Рубль «ёғоч пул» хисобланиб, уни бошқа валютага алмаштиришнинг амалда иложи йўқ, Марказий банк томонидан эълон қилинган, «алмаштириш мажбурияти олинмаган» алмашув курси воқеликдан узоқ эди.

Шу боис, киймати йўқ рубль хисобида расмийлаштирилган ўша машхур «техник кредитлар»ни асоссиз равишда эркин валютага айлантиришга бўлган уринишларни кулгили, деб аташдан бошка илож йўқ.
Мана шу санаб ўтилган сабаблар туфайли, аниқроғи, «техник кредитлар»ни давлат мажбурияти сифатида кўриб чиқиш учун бир озгина бўлса ҳам юридик ёки иқтисодий асос бўлмагани учун, Ўзбекистон Олий Мажлиси 1998 йилда бу шартномаларни ратификациялаш ва «техник кредит»ларни давлат қарзи сифатида тан олишдан бош тортди. Яъни, Ушбу шартномалар қонуний кучга кирмади, чунки, ҳалқаро хуқуқ нормаларига кўра улар юридик асосга эга эмас эди.

Бошка томондан, Ўзбекистоннинг Россиядан кўп миллион қарз эканлиги хақида қайғураётган муҳтарам «эксперт» ва журналистлар ўзбек томонининг иттифоқ парчалангандан сўнг Россияга теккан кўп сонли молиявий активлар бўйича мутлоқ қонуний кучга эга бўлган молиявий талаблари мавжуд эканлигини умуман унутиб қўйган кўринишади. Гап асосан собиқ СССРнинг хориждаги мулки хақида бормокда.
Россия томони ўзининг ушбу активларга бўлган ягона хақдор эканини, собиқ иттифоқ қарзларини ёлғиз ўзи тўлаганлиги билан далиллашга уринади. Шу ерда россиялик «экспертлар» Париж кредиторлар клубига аъзо давлатлар собиқ иттифоқнинг қарзини кўп қисмини, янги пайдо бўлган мустақил давлатлар уни тўлашга қодир бўлмаганлиги учун кечиб юборганлигини яна «унутиб» қўйишмоқда. Натижада, реструктуризация қилинган ва Россия Федерацияси томонидан тўланган қарз миқдори СССРнинг қарзидан РСФСРга тегишли улушидан ҳам кам суммани ташкил этган. «Бир ёмоннинг бир яхшиси бор», дейдиларми…

Россия томонининг юкорида кўрсатилган далиллари асоссиз эканлигини ҳамма тан олади. Украинанинг янги сайланган президенти, ўзининг сайловолди дастурининг асосий йўналишларидан бири сифатида Россия билан алоқани бутунлай яхшилаш эканини таъкидлашига қарамасдан, СССРнинг хориждаги мулкини Россия фойдасига бир томонлама расмийлаштирилишига йўл қўймаслигини кескин равишда таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Бундан ташқари, Россия худудида ўзбек корхоналари маблағига яратилган, бироқ, ноқонуний хусусийлаштириш («прихватизация») туфайли бегона «эпчил» қўлларга хеч кандай компенсациясиз ўтиб кетган кўп сонли мулк объектлари мавжудлигича қолмоқда. Бир қатор бундай объектлар бўйича тортишувлар ҳамон давом этмоқда.
Шу билан бир қаторда, Россия томони собиқ иттифоқ республикаларини «алоҳида кўриб чиқиш» асосида тақсимланиши зарур бўлган умумий активлардаги улушларидан махрум қилиш учун барча уринишларни амалга оширмоқда. Бу «алоҳида кўриб чиқиш»га қайтишни Россия томони ҳеч ҳам ҳоҳлаётгани йўқ. Балки, шубҳали экспертлар номи остида сохта илмий мақолаларни матбуотда тарқатиш осонроқ ва арзонрокдир.
Айни пайтда, Ўзбекистон республикасининнг СССР «Алмазный фонд»идаги улуши энг камида 3,27 % ни, ёки 3,9 млрд АҚШ долларини ташкил килади. 70 йиллик  Совет хокимияти даврида «иттифоқ тасарруфидаги корхоналар» томонидан Ўзбекистондан олтин юкланган эшелонлар олиб кетилган бўлиб, уларнинг хаққоний баҳоси маҳаллий хокимият вакилларидан «етти мухр нарёғида» сир тутилган. Эрмитаж ва шу каби бошка Россия музейларини ҳанузгача Амир Темур, Бухоро амири, Қўқон ва Хива хонлари саройларидан олинган қимматбаҳо безаклар, санъат асарлари ва бошқа жавоҳирлардан иборат экспонатлар безаб турибди.
Ханузгача Ўзбекистонга унинг фуқароларининг собиқ СССР Омонат банкидаги (Сбербанк) маблағлари қайтарилмаган; буларнинг миқдори оз эмас кўп эмас, 23 миллиард доллар, деб баҳоланмоқда.
СССР Ташқи Иқтисодий банкининг (Внешэкономбанк) Ўзбекистон юридик шахслари олдидаги 100 млн АҚШ долларидан зиёд қарзлари хануз ёпилмаганича қоляпти.

Муаллиф аминки, юқорида санаб ўтилган Ўзбекистон республикасининг Россия Федерациясига бўлган барча молиявий талабларни ҳар қандай мустақил ташкилот, масалан, ҳалқаро суд ёки арбитраж томонидан кўриб чиқиладиган бўлса, уларнинг тўла асосга эга ва қонуний эканлигини исботлаш мумкин. Балки, айнан шундай йўл тутиш пайти келгандир...?

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top