Хотира чархланмаса...

Хотира чархланмаса...

Ишхонамда йигирма ёшлардаги Умид исмли бир йигитчани менга ёрдамчиликка беришди. У икки йилдан буён кириш имтиҳонларидан йиқилиб, институтга киролмаётган экан. Янаги ёзгача бекор қолмасин деб, отаси бизнинг компанияга ишга жойлаб қўйибди.

У бу орада менинг иқтисодчилик касбимни ўрганмоқчи ва йўл-йўлакай имтиҳонларига ҳам тайёргарлик кўрмоқчи. У гоҳи-гоҳида “Битта чой дамлаб юборинг”, “Манави ҳужжатларни ҳисобчига элтиб беринг”, “Почтадан бир хабар олинг-чи, бизга бирор нарса келганмикин” қабилидаги майда-чуйда юмушларимни бажариб туради. Бошқа вақт қўлидаги смартфонга михланганича қандайдир ёш болалар ўйинларини (буни мусиқасидан сезиб қоламан) ўйнаб, кунни кеч қилади.

Янги ёрдамчим ҳақида ёзиб, вақтингизни олмоқчи эмасдим. Аммо яқинда орамизда бир суҳбат бўлиб ўтдию, “портлаб” кетганимдан ушбу сатрлар қандай қоғозга тушиб қолганини ўзим пайқамай ҳам қолибман. 

Хулласи, ўша кунги суҳбатимиз ҳеч қандай хавотирдан дарак бермаётган эди. Йигитча ўйин ўйнайвериб зерикди шекилли, мени суҳбатга тортгиси келиб қолди:

– Бу ерда қанча маош оласиз?
Қанча олишимни айтдим.

– Беш йил университетда ўқиб, оладиганингиз шуми? – деди у кўзларини пирпиратиб.
– Ҳозирча яшашга етиб турибди. Агар рўзғор қийинлашиб қолса, қўшимча иш қилишдан ҳам эринмайман, – дедим ҳафсаласини пир қилмаслик учун.
– Мен олий маълумотлилар катта пул топади, деб ўйларканман.
– Илмни катта пул топиш учун ўрганилмайди.
– Бўлмаса, нима учун? – деди у қизишиб.

– Масалан, ўз соҳангизнинг устаси бўлиш, ақлий камолотга эришиш, малака ва даражада бошқалардан олдинда бўлиш, дунёқарашни кенгайтириш... дегандай, хулласи ҳар жиҳатдан комил инсон бўлиш учун илм ўрганилади.
– Сиз айтаётган гапларга унча тушунмадим, – деди у очиқ тан олиб.
– Шунинг учун ўқишга кириб, уни битирсангиз, мен айтган нарсаларни ҳам тушунадиган бўласиз, – дедим.

Хаёлимдан “Йигитчанинг атрофидагилар олий маълумот фақат катта амалга миниш учун керак бўлади қабилида “таълим бериш”га улгуриб бўлишган, шекилли” деган фикр ўтди. Шунинг учун ҳозир унинг бу борадаги қарашларини сал-пал тузатиб қўйиш вақти келганини ҳис этиб, “бир имтиҳон қилиб” қўймоқчи бўлдим. Суҳбатдан зерикиб, яна смартфонига бўйлаётганини кўрдиму, саволга тутиб, савиясини аниқламоқчи бўлдим:

– Мен сиздан қанча пул топасиз, деб сўрамоқчи эмасман. Ҳозиргача қанча китоб ўқигансиз?

У бошини қашиб, бироз ўйланиб қолди. “Саноғига етолмаяпти шекилли” деб ўйласам, умуман китоб ўқиганини эслай олмаётган экан. Анчадан кейин “Шайтанат”нинг биринчисини” ўқиганини, аммо тугата олмаганини айтди. Осонгина киносини топиб, кўриб қўяқолибди.

– Амир Темур деган исмни эшитганмисиз?
– Скверда ҳайкал қўйилган одамми? Мактабда “Жа кўп жанг қилган”, дейишган.
– У ҳақда бирор нарса ўқиганмисиз?
– Йўқ.
– Бобур ким?
– Ҳиндистонлик шоирми? – деди жавобига ўзи ҳам ишонқирамай.
– Навоийни танийсизми?
– Катта шоир бўлган, деб эшитганман.
– Буларни мактабда ўқитишмаганми?
– Ўқитишган бўлса керак, аммо тез-тез касал бўлиб, дарсларда қатнашолмасдим.
– Қўшиқчилардан кимларни биласиз?

У ҳозир ҳар куни экранда ва эфирда чиқавериб, одамларнинг меъдасига тегиб кетган беш-олти “эстрада юлдузи” санаб берди.

– Хайрият-ей, ҳеч бўлмаса шуларни биларкансиз, – дедим кесатганнамо.
У кесатиқни тушунмадими ёки буни мақтов деб ўйладими, ҳарқалай яна икки-учтасини қўшимча қилди.

– Дунёга машҳур ўзбек рассомларидан кимларни биласиз?
– Бу саволим жавобсиз қолди.
– Дунёга машҳур ўзбек олимларидан кимларни биласиз? Масалан, Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Мўминов, Яҳё Ғуломов, Саъди Сирожиддинов, Ёлқин Тўрақулов деган кишиларни эшитганмисиз?

Бу саволга ҳам жавоб бўлмади.
– Япониянинг пойтахти қайси шаҳар?
– У пича ўйлаб туриб, “Бомбай” деди.
– Толстой деган киши нима иш қилган?
– Билмайман.
– Жалолиддин Румийнинг ватани қаер?
– Билмайман.
– Мамлакатимизни араблар қачон фатҳ қилишган?
– Билмайман, “фатҳ”  дегани нима ўзи?
– Иккинчи жаҳон уруши қачон бўлган?
– Билмайман.
– Англиянинг пул бирлиги нима?
– Билмайман.
– Фазога илк бор чиққан одам ким?
– Билмайман, руслардан шекилли?

Бундай саволларни яна кўплаб бериш мумкин эди, аммо ҳаммасига берилажак жавоб ҳам аниқ эди. Уни ярим соатча саволга тутиб, “Билмайман”дан бошқа жавоб ололмадим. У ҳар гал шу сўзни айтганида икки чаккамга тўқмоқ билан ургандай лўқиллаб оғриқ кирарди. Охири у билан фақат икки мавзуда: Тошкентдаги қайси ошхонада мазали таом тайёрланишию Одноклассникидаги дўстлари кимлар экани ҳақидагина суҳбатлашиш мумкинлигини тушуниб етдим. Охири бутун аламимни ушбу “монологим”га жойлаб, Умидга гапира кетдим:

– Менга қаранг, Умид, инсон бу ёруғ дунёга фақат еб-ичиш, яхши кийиниш, катта мансабга ўтириб, роҳатда яшаш учун келмайди. Кейин инсоннинг мартабаси унинг бойлигию қаерда ишлашига ҳам боғлиқ эмас. Инсон зоти шахсий камолоти, фикри ва дунёқарашининг кенглиги, билимдонлиги ва ахлоқи билан сараланади. Олий маълумот олиб, катта мансабга ҳам минарсиз. Аммо савиянгиз, фикрлашингиз, ақл-заковатингиз паст бўлса, ходимларингизга кулги бўлишдан бошқа нарсага ярамайсиз. Ўзингизнинг илмсизлигингиз (олий маълумот олмагансиз демоқчи эмасман) билан умумий ишга жуда катта зарар етказганингизни сезмайсиз. Бир илмли инсоннинг ўрнини банд қилиб, жамиятга ҳам кулфат келтирасиз. Мақтанмоқчи эмасман-у, менинг соҳам иқтисодчилик бўлса-да, фан, адабиёт, меъморлик, санъат соҳасидаги ҳамма янгиликлардан воқифман. Ҳозир сиз билан баҳс бойлашиб, нафақат ўзимиздан чиққан, балки дунёнинг машҳур саркардаларидан, шоир-адибларидан, театр ва кино артистларидан, сиёсатдон ва арбобларидан, олим ва спортчиларидан юзлаб одамларни санаб беришим мумкин. Буни мактабда ё олий ўқув юртида ўргатишмаган, буларнинг ҳаммасини мустақил равишда ўрганганман. Сиз фақат ўйин ўйнаётган интернетда шундай бой маълумотлар борки, уларнинг ҳаммаси билан танишиб боришга вақт етишмаслигидан ҳамиша ўкиниб юраман. 

– Сиз каби ҳозирги ёшларга жуда ачиниб кетаман. Уларнинг имкониятлари бизникига қараганда катта. Бизда интернет бўлмаган, оммавий ахборот воситалари бу қадар тезкор ишламаган. Лекин ўз устимизда ишлаб, жуда катта илмни, маърифатни мустақил қўлга киритганмиз. Ҳеч буни бизларга мажбурламаган, ёки бунинг ортидан пул топишни ўйламаганмиз. Ўзимизнинг камолимиз, илмимиз, савиямиз ошиши учун жон-дилдан ўрганганмиз. Ҳозирги ёшлардан Наполеон ёки Гитлернинг кимлигини сўраб кўринг, дарров компьютер тугмасини босиб, тўғри жавобни топади, лекин уларнинг ким экани, нималар қилгани билан қизиқиб ўтирмайди, буни шу заҳоти унутади. Ўз Ватани тарихини чуқур ўрганиш ўрнига ҳали ашулачиларнинг оилавий аҳволи, ҳали футболчиларнинг олаётган маошини ўқиб ўтиради Бу ҳам сал илмга ташналаргагина насиб қилади, илмни ўйласа эсноқ босадиган талабалар ана шу маълумотлардан ҳам бехабар. Дўконга кириб, уч минглик буюмдан ўнта сотиб олсангиз, сотувчи йигит дарров калькуляторга ёпишади, унгача қанча бўлишини айтиб қўйсангиз, “қандай ҳисобладингиз” деб ҳайрон ҳам бўлади. Ҳозирги ўсмир йўл-йўлакай муҳим бир маълумотга дуч келса, бирров қарайдию, дарров эсдан чиқаради. Бу, хотирасини йўқотиб қўйган, ўтмишини унутган одамлар кўпайиб бормоқда, деб ўйлашга тўла асос бўла олади. Умид, мактаблардаю олий ўқув юртларида ҳамма нарсани ҳам ўргатишавермайди. Буларни инсон ўзи учун, ўзининг камол топиши, дунёқараши кенгайиши учун холис ўрганади. Олий ўқув юртида ўқиб юрганимизда адабиётдан дарс берадиган бир ўқитувчимиз пахта териш мавсумида Навоийнинг девонини тўла ёд олган эди. Ўшанда ҳаммамиз қойил қолган эдик, аммо кейинчалик кўрсам, хотирани чархлашда бундан катта имкониятларга ҳам эришиш мумкин экан.

– Сиз ёшлар танангизни чиниқтириш учун фойдали ва табиий маҳсулотларни истеъмол қилишга уринасиз, спорт залларига қатнаб, машқлар бажарасиз, тош кўтарасиз, сувда сузасиз. Аммо хотирангизни, ақлингизни чиниқтириш ҳақида умуман бош қотирмайсиз. Бу нарса худди юмушларига ҳамиша метрода ёки автомбилда қатнаб, пиёда юришни унутиб қўйган одамнинг ёши улғайганда юролмай қолиб, майиблар коляскасига михланиб қолганига ўхшайди. Биз ҳам ақлимизни тўлдириб, хотирамизни ишга солиб турмасак, биринчидан: нодон, калтабин одамга айланиб қоламиз, иккинчидан: қариганда ақли ва хотираси заиф, Альцгеймер касалига чалинган кишилар сафидан жой оламиз. Бундай хунук оқибатга учрамаслик учун бир умр хотирани чиниқтириш, бунда ҳеч бўлмаса турли шеърлар ва матнларни ёдлаш, маълумотларни тафсилотлари билан эсда сақлаб қолишга уриниши керак. Сизнинг компьютерингиз вақт ўтгани сайин хотираси пасайиб, охири яроқчиз ҳолга келиши мумкин. Аммо Аллоҳ яратган ақл ва хотира қариб-қартайгунингизга қадар сизга бепул хизмат қилади, уларни чиниқтирганингиз сайин чархланиб, сайқалланиб бораверади. 


Иқтисодчининг ҳасратларини оққа кўчирувчи:
Аҳмад МУҲАММАД.

back to top