Уч нарса борки… (5-қисм)
- Written by Info.islom.uz

Уч нарса борки… (5-қисм)
Шайх Увайс Қароний шундай деган: «Ким уч нарсани севса, шайтон уни тез йўлдан оздиради:
1. Яхши ейишни;
2. Яхши кийишни;
3. Аёллар билан ўтиришни».
* * *
Довуд алайҳиссалом ўғилларига шундай деганлар: «Инсон тақводорлигининг уч аломати бор:
1. Ҳали қўлига кирмаган нарсалар учун гўзал таваккул соҳиби бўлиш;
2. Қўлига кирган нарсаларга қаноат қилиш ва рози бўлиш;
3. Қўлидан чиққан нарсаларга чиройли сабр қилиш».
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Уч хил сифат борки, улар фақирликдандир:
1. Яхшилигингга шукр қилмайдиган, ёмонлигингни кечирмайдиган раҳбар;
2. Сендан яхшилик кўрса, яширадиган, ёмонлик кўрса, оширадиган қўшни;
3. Бирга бўлсанг, озор берадиган, йўқлигингда хиёнат қиладиган хотин».