Ҳар иккинчи россиялик муслималарнинг рўмол ўрашига ижобий қарайди
- Written by Администратор

Ҳар иккинчи росиялик ўқув юртларида муслималарнинг ўраниб юришини ман қилмаслик лозим, деб ҳисоблайди. Умумроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров айнан шуни кўрсатмоқда. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқата туриб, социологларнинг хулосасини келтиради. Ушбу хулосага кўра, “умуман олганда Россия аҳолиси ўқув юртларидаги диний мансубликка нисбатан анча бағрикенглик муносабатда эканлиги намоён бўлмоқда.
Сўровда қатнашганларнинг ҳар иккинчиси (50%) Россияда мусулмон оилалардан бўлган болаларнинг ҳеч қандай тўсиқсиз таълим олишлари учун Исломга хос кийинишга қарши чегаралашларнинг бекор қилинишини қўллаб-қувватлашмоқда. Ушбу таклифга 37% аҳоли қатъийян қарши чиқмоқда; улар ҳар ҳолатда ҳам бекор қилинмаслик тарафдори эканликларини айтишмоқда.
“Умуман олганда, россияликлар ўқув юртларида кишиларнинг динига мансубликни зоҳир қилувчи ташқи кўринишига толерант муносабатда эканликлари билинмоқда, деб айтишмоқда тадқиқотчи социологлар. “Эндиликда 47% аҳоли бундай кийиниб юришда ҳеч қандай айб кўрмаяпти (2012 йилда бу муносабатни 35% кишилар билдирган эди). Бу нуқтаи назарни ёқлаганлар асосан ёшларни ташкил этади (бунда 73% бағрикенглар 18 дан 24 ёшгача бўлган ёшлардан иборат) ва уларнинг 68 %ни мусулмонлар ташкил этади. Бунинг акси сифатида, ўқувчи ва устозларда бундай кийимлар бўлмаслигини ёқлаганлар 47% ни ташкил этади (45 ва ундан каттароқ ёшдагилар — 55-57%, олий маълумотлилар — 56%, атеистлар — 56%)”, деб айтилади тадқиқот хулосасида.
Яъни, муслималарнинг ўз дини аҳкомларини бажаришига ўз салбий муносабатини асосан ҳаётининг кўп қисмини собиқ шўро даврининг коммунистик худосизлигида яшаб ўтганлар билдирмоқда. Бу ҳолатнинг муқобилида, тадқиқотларнинг хулосасига қараганда, худосизлик мафкуралашувидан сақланиб қолган россиялик ёшлар Исломни ҳамда мусулмонларнинг ўз диний кўрсатмаларига амал қилишларини бағрикенглик билан, яхши қабул қилишмоқда.
“Охирги йиллар давомида бошқа дин вакилларини ижтимоий-руҳий жиҳатдан қабул қила олиш даражаси ўсганлиги, яъни турли дин вакилларига хос бўлган ташқи диний аломатлар (жумладан ҳижоб ҳам) тушунилиб қабул қилиниши ва одатий ҳол бўлганлиги кузатилмоқда. Бунда кишиларнингг динига далолат қилувчи ташқи аломатларга ёшлар камдан-кам эътибор берар экан. Бу эса, мамлакатдаги динлараро муносабатларнинг ҳар жиҳатдан қулай ва уйғунликдаги ривожининг кафолатидир”, деб айтади мазкур тадқиқотлар натижаларини изоҳлаб, Умумроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг директори Е.Михайлова.
ТАССнинг билдиришича, аввалроқ Россия ОАВ да Мордова ҳукумати тоторлар истиқомат қилувчи Белозерье қишлоғидаги ўқитувчилар ва ўқувчилардан рўмол ўрашдан воз кечишларини талаб қилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқатилган эди.
Милодий 2014 йилда мактаб ўқувчиларининг кийимлари ҳақида тартиб белгиланган эди. Муслима ўқувчилар дарс жараёнида бош рўмолларини ечишдан воз кечишган эди.
2016 йилнинг декабрида ушбу масала атрофидаги можаро янгидан аланга олди. Ўшанда маориф соҳаси масъуллари ўқитувчилар динига далолат қилувчи кийимда ишга келмасликлари тартибини жорий қилишган эди. Ўқитувчилар эса эътиқоддаги эркинлик ҳақларини ёқлаб чиқишди. Расмийларнинг мусулмонларга фарз қилинган амалларнинг биридан воз кечишлари ҳақидаги талаблари Жаҳон тоторлар мажлисининг норозилигига сабаб бўлган эди.
Кейинроқ, 24 январга келиб, ушбу давлат ОАВ ушбу ҳолатга баҳо берган маориф вазири О. Васильеванинг изоҳларини тарқатди. О. Васильева, Россияда маориф тизими “дунёвий қарашларга асосланганини” таъкидлаб, ҳеч бир дин таълимотига мувофиқ келмайдиган тарзда, “ҳақиқий иймонли кишилар динга алоқадорликларини аломатлар орқали изҳор қилишга интилмайдилар” деган фикрни айтган. Қизиғи шундаки, дин ҳақида, ҳақиқий иймонли кишининг сифатлари ҳақида кўпгина ҳолларда ўша дин ичида бўлган олим мутахассислар эмас, бошқалар гапирмоқдалар, маълум бир тоифалар эса ушбу талқинларни “расмий тус” даражасигача кўтаришга интиладилар.
Маориф вазири О.Васильеванинг изоҳларига раддия ўлароқ, Чеченистон раҳбари Р. Қодиров ушбу масъул раҳбар юқоридаги фикрларни айтганидан ажабланганлигини ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида билдирди.
Жумладан, Қодиров, “рўмол бу “аломат” эмас, балки муслима аёл кийимининг муҳим (ажралмас) қисми” эканлигини, “вазир ўз шахсий фикрини миллионлаб кишиларга зўрлаб тиқиштираётганлиги” ажабланарли эканлигини таъкидлади.
Чеченистон раҳбарининг фикрига кўра, “рўмол ҳақидаги мавзу атайлаб, жамиятнинг эътиборини мактаблардаги мавжуд муаммолардан чалғитиш учун ўртага ташланмоқда”. Ўқув юртларидаги “гиёҳвандлик, ароқхўрлик, жиноятчилик, доимий равишда кузатиладиган болаларнинг номусига тажовузлар...мана шу нарсалар ҳижобга қарши курашувчиларни ташвишлантириши керак”.
Ушбу ўринда Р.Қодировнинг Instagram даги шахсий саҳифасида келтирган сўзларининг ТАСС ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган матнини келтирамиз.
“РФ Конституцияси томонидан “ҳар бир кишига виждон эркинлиги, эътиқод эркинлиги,.... диний ва бошқа эътиқодларни танлаш, унда бўлиш ва тарғиб қилиш, ҳамда уларга асосан амалда бўлиш кафолати таъминланган (2-Боб, 28-банд). Афтидан, ҳамма масъуллар ушбу бандни ўқимаган кўринадилар. Маориф вазири Ольга Васильева “Конституциявий суд миллий мансубликни акс эттирувчи кийим ўлароқ ҳижобга мактабда ўрин йўқ, деган қарорни қабул қилди. Шунинг учун бу масалани Конституциявий суд ҳал қилган, деб ҳисоблайман... Шунинг учун чин иймонли кишилар динларига алоқаларини аломат орқали кўрсатишга интилмайдилар. Бу менинг шахсий, қатъий ишончимдир.”
Аммо Россия Конституциявий суди бу масалани муолажа қилмаган ва у бўйича қарор қабул қилмаган! Мавжуд бўлмаган қарорларга таянган хулосалар хато ва Россия аҳолисини залолатга кетказувчи деб тан олинмоғи лозим.
РЎМОЛ, БУ АЛОМАТ ЭМАС, БАЛКИ МУСЛИМА КИЙИМИНИНГ МУҲИМ БИР ҚИСМИ БЎЛИБ, УНИНГ КИЙИЛИШИ АЛЛОҲ ТАОЛО ВА ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ТОМОНЛАРИДАН БУЮРИЛГАНДИР. Васильева ўзининг “шахсий фикри”ни билдириши мумкин, аммо бу унинг фикри бўлиб қолаверади ва қонун кучига кирмайди. Маҳаллий раҳбарларнинг хатоларини тузатиш ўрнига “вазир ўз ШАХСИЙ ФИКРИни миллионлаб кишиларга зўрлаб тиқиштираётганлиги” кишини ажаблантиради.
Менинг уч нафар қизим мактабда ўқишади, ўраниб юришади, улар аъло баҳоларда ўқийди. Ольга Васильева уларнинг рўмолларини ечишларини истайдими? Қизлар буни ҳеч қачон қилишмайди. Мен уларни мактабдан олиб, қизларимга муслима бўлишга рухсат бериладиган жойни қидиришим керакми? 30 миллион мусулмонларнинг ҳақларига кафолат берадиган Россия душманларига қарши курашда мен юзлаб яқинларимни, қариндошларимни йўқотиб қўйдим. Мен ишончим комилки, рўмол ҳақидаги мавзу атайлаб, жамиятнинг эътиборини мактаблардаги мавжуд муаммолардан чалғитиш учун ўртага ташланмоқда. Ўқув юртларидаги гиёҳвандлик, ароқхўрлик, жиноятчилик, доимий равишда кузатиладиган болаларнинг номусига тажовузлар...мана шу нарсалар ҳижобга қарши курашувчиларни ташвишлантириши керак. Ислом динининг дунё илмлари ривожидаги ўрнини ўрганиб кўринглар. Кимё, физика, математика, астрономия, тиббиёт, география, фалсафа, агротехника, тилшунослик.... Бу соҳалардаги Исломнинг хизмати бутун жаҳонга маълум. Шунинг учун Россия жамиятинининг тафриқаларга бўлинишидан, кенг қамровли можароларни келтириб чиқаришдан манфаатдор бўлган кучларнинг елканларига йўлчи шамол бўлиб хизмат қилишга интилмаслик керак!