Келин тўйдан олдин иккинчи хотинга уйланмаслик шартини қўйди, куёв рози бўлди
- Written by Info.islom.uz
Келин тўйдан олдин иккинчи хотинга уйланмаслик шартини қўйди, куёв рози бўлди
Жума, 6 апрель куни, Қозондаги масжидлардан бирида рус мусулмонларининг никоҳ маросими бўлиб ўтди, унда гувоҳ сифатида таниқли блогер Расул Тавдиряков ҳам иштирок этди.
«Жумадан сўнг мендан никоҳга шоҳид (гувоҳ) бўлишимни илтимос қилишди», дея ҳикоя қилади блогер ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, келин ва куёв – қозонлик руслар, бир-бирларини интернет орқали топганлар. Эътиборлиси, келин Фиқҳ масалаларида анча билимли экан, у никоҳ шартномаси тузишни ва унда эри ҳеч қачон иккинчи хотин олмаслигини қайд этиб қўйишни талаб қилган. Куёв бунинг тагида нима борлигини тушунмай рози бўлган. «Албатта, муаммо йўқ», деган бахтиёр куёв. «Шунда ҳаёт тажрибаларида чиниққан камина унга аччиқ ҳақиқатни айтишга мажбур бўлдим: «Шошмай тур, биродар, ҳадемай иштиёқинг сўнади ва бир йил ўтмаёқ бу мавзуда ўйлай бошлайсан. Лекин шартномага амал қилишингга тўғри келади. Хуллас, бардам бўл», деб ёзади Тавдираяков.
Вазиятни таниқли мусулмон арбоби, фалсафа фанлари доктори Али Полосин шарҳлади.
«Шартнома шариатдаги иккинчи хотин олиш ҳуқуқини рад этмайди, аммо куёвнинг бу ҳуқуқдан фойдаланмаслиги ҳақидаги ваъдасига гувоҳнома бўлиб хизмат қилади, – деди у шарҳларда. – Устига устак, бу меъёр мубоҳдир, яъни ундан ҳеч бир хайрли иш бўлмаганидек, ҳеч ёмонлик ҳам йўқдир, лекин аёл жуда истаса, ўзига фойда олиши мумкин. Шу сабабли ҳуқуқни ундан фойдаланиш истаги билан чалкаштирмаслик керак». IslamNews.