“Исломий молиялар ва банк тизими” китобининг таржимони билан суҳбат
- Written by Administrator

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сони бугунги кунда 30 млн.кишидан ошиб кетди. Аҳолининг қарийб 95%и мусулмонлардир. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг маълумотига кўра, 16 хил конфессияга мансуб бўлган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг мавжудлиги давлат ва ҳукуматнинг диний соҳага бўлган эътиборини янада оширади. Дин ишлари қўмитаси ҳузурида Конфессиялар ишлари жамоатчилик кенгаши ташкил этилган ва етакчи диний ташкилотлар раҳбарлари унинг аъзолари ҳисобланади. Мамлакат ҳудудида мусулмонларнинг 2037 та масжиди, 16 конфессияга тааллуқли бўлган 159 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият олиб бормоқда.
ХВФнинг эътирофига кўра, Ўзбекистон жаҳондаги иқтисодий ўсишнинг энг юқори кўрсаткичларини қайд этувчи мамлакатлар сирасига киради. Йиллик иқтисодий ўсиш 7-8%ни ташкил этмоқда. Собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида ҳам Ўзбекистон энг кўп мусулмонлар аудиториясига эга давлат ҳисобланади (Тахминан 26-27 млн.киши). Аҳолининг катта қисми мусулмонлар бўлган мамлакатда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Собиқ иттифоқ мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб, йирик иқтисодчи олим, Куала-Лумпур бизнес мактаби президенти профессор Судин Хоруннинг исломий молиялаштириш усуллари тўғрисидаги фундаментал асари "Исломий молиялар ва банк тизими. Фалсафаси, тамойиллари ва амалиёти "китоби ўзбек тилига ўгирилди. Китоб иқтисодчи Б.Жўраев томонидан Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси маъсуллари ва Тошкент Ислом институти ўқитувчиларининг қимматли маслаҳатлари ила нашрга тайёрланган. Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг 2014 йил 4 февралдаги тавсияси билан 5000 нусхада чоп этилди.
Китобнинг таркиби ўқувчиларга янги маълумотларни янада изчиллик билан ўзлаштиришга ёрдам беради: базавий асосларни баён қилувчи, шунингдек ёрдамчи мазмундаги бўлимлар бунга имкон беради. Исломий иқтисод тўғрисидаги тушунчалар: исломий банкинг тарихи ва ривожланиши,унинг фалсафаси ва тамойиллари, фаолият масалалари ва амалиёт, исломий банкингга нисбатан қонун ва меъёрлар, ссуда фоизига турли динларнинг нуқтаи-назарлари базавий асосларга бағишланган. Исломий суғурталаш, капитал бозори ва бошқа молия муассасалари тўғрисидаги боблар – булар ёрдамчи маълумот ҳисобланади. Ҳар бир бобнинг якунида келтирилган қўшимча адабиёт ва манбалар шу соҳага тегишли маълумотларни батафсил ўрганишни ҳоҳловчилар учун мўлжалланган
Ушбу китобнинг асосий мақсади - исломий молия бўйича ҳар томонлама билимларни беришга уриниш ва тармоқнинг замонавий ривожланишини кўрсатишдан иборат. Сўнгги тўрт бобда исломий банкинг, исломий суғурта - такофул ва тармоқларнинг капитал исломий бозори ҳақида сўз боради, чунки айнан капитал бозоридаги инвестициялар диверсификациясининг (тармоқлараро мутаносиб тақсимланиши) ўсиши ҳисобига исломий банклар тезкор ривожланиш даврини босиб ўтдилар. Охирги бобда, исломий молиялаш тизими билан боғлиқ махсус ташкил этилган ташкилотлар ўрни ҳақида алоҳида сўз боради. Бундан ташқари, ўқувчилар бошқа мамлакатларда қўлланиладиган турли исломий банк ва молиялаш андозалари шарҳи билан танишишлари мумкин. Мазкур китобнинг асосий аҳамияти – исломий молия ва банк ишига ҳар томонлама ва замонавий ёндашишдан, уни амалиётга тадбиқ этишни ўрганишдан иборатдир
2008 йилги жаҳон молиявий инқирозидан сўнг жаҳон иқтисодчилари янги, инновацион молиялаштириш усуллари ҳақида бош қотира бошладилар. Шариат талабларига тўлиқ жавоб берадиган исломий молиялаштириш тизимига нафақат мусулмон мамлакатларида, балки номусулмон мамлакатларда ҳам катта эътибор қаратила бошланди. Бугунги кунда исломий молиявий активлар салмоғи 1,6 трлн. АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда ва йиллик 15% ўсишга эришмоқда.
Куала-Лумпур бизнес мактаби президенти профессор Судин Хоруннинг фикрича, "Жаҳон бозоридаги қарз занжири 2008 йилги молиявий инқирозга олиб келгач, исломий молияларнинг жозибадорлиги янада ортди. Глобал қарз инқирози исломий молиялар тартибга солингани каби қонунлар қабул қилиш лозимлигини, юқори даражада кредит қарздорлиги ва чайқовона амалиётларни таъқиқлаш зарурлигини,шунингдек, оқилона молиявий сиёсат юргизиш кераклигини аниқ кўрсатиб қўйди. Шариат ҳуқуқи ҳам ахлоқ қоидаларига хилоф битимлар тузишни тақиқлайди ва ижтимоий адолатни қўллаб-қувватлайди, бу эса хатар ва даромадларни, ижтимоий масъул инвестицияларни ўзаро тақсимлаш билан таъминланади. Бу ҳам бўлса, анъанавий тизимда мавжуд бўлмаган маънавий ва соф инсоний кафолатлардир."
Китоб мазкур масалада чуқур шуғулланишни истовчилар учун фойдали бўлур эди. Ушбу китоб исломий молиялаштириш фундаментал қирраларини теран тушуниб олиш имконини беради деб умид қилинади. Бу эса сўзсиз, исломий молиялаштириш соҳасидаги билимлар даражасини ошириш ва уни глобал молия тизими саҳнасида молиявий ҳамкорликнинг улкан имкониятлари сифатида кўриш имконини беради.
“Исломий молиялар ва банк тизими” китобининг таржимони Ботирхўжа Жўраев билан суҳбат
1. Энг аввало, ушбу мавзуга қўл уришингиз боиси ҳақида, агар мумкин бўлса, сўз юритсак.
Ўзингизга маълум, Info.islom.uz сайтида чет мамлакат олимларининг исломий молия ва банк тизимига доир бир нечта илмий мақолаларини таржима қилиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этган эдим. Ушбу мақолалар кўпчиликда қизиқиш уйғотган бўлиб, она тилимизда мана шу мавзудаги илмий мақолаларнинг камлиги боис, кўламлироқ маълумотларга эҳтиёж борлиги сезилиб турар эди. Куала-Лумпур Бизнес мактабининг директори профессор Судин Хоруннинг “Исломий молиялар ва банк тизими” фундаментал асари билан танишиб чиққач, мазкур асар иқтисодиёт соҳаси бўйича жаҳондаги кўпчилик олимларнинг эътирофига сазовор бўлганлигини эътиборга олиб, азиз Ватанимизда ҳам кўпчилик кутаётган китоб эканлигига амин бўлдим. Мазкур китоб соҳиби бугунги кунда жаҳондаги исломий молиялаш соҳасининг энг пешқадам назариётчиларидан бири ҳисобланади. Китоб бир қанча чет тилларга ҳам таржима қилинган. МДҲ давлатлари орасида дастлабкилардан бўлиб, биз ҳам уни ўзбек тилига ўгирдик. Бир қанча мавзулар таржимаси e-bozor.uz сайтида чоп этилганидан кейин, устозларнинг маслаҳати билан уни китоб ҳолида чиқаришга уринишлар амалга оширилди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан китоб ушбу йилда дунё юзини кўрди ва муҳтарам китобхонларимизга тақдим этилди.
2. Исломий банклар фаолияти асослари ҳақида, улар бизнесининг фалсафаси, анъанавий банклардан фарқли жиҳатлари тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
Қоидага кўра, анъанавий молия муассасалари фалсафаларини шакллантиришда ўзлари таянадиган бирон-бир белгиланган ахборот манбаларига эга бўлмайдилар. Аксарият ҳолларда, фалсафа аввалги тажрибаларни ва белгилаб олинган йўналишларни солиштириш йўли билан танлаб олинади. Ташкилот асос қилиб олган бошқариш ғояси ҳам фалсафа шаклига таъсир кўрсатади. Исломий бизнес фаолиятида эса тадбиркорлик субъекти ўзгача, исломий тамойилларга мувофиқ тузилади, исломий бизнес фалсафасининг асоси Исломнинг тоза ва мутлақ манбаси – Қуръонда баён этилган тамойиллардан ташкил топади. Ягона мақсади фойда олишни кўзлаган анъанавий банклардан фарқли равишда, исломий банклар иккита муҳим омилга, яъни дин ва фойдага таянган ҳолда фаолият юритади. Исломий банкларни ташкилот сифатида шакллантиришда исломий қарашлар масаланинг ахлоқий томонини шакллантиришга катта эътибор қаратади.
Ахлоқий жиҳатлар иймон ва бизнес юритишнинг исломий тамойиллари асосида вужудга келади. Ўзининг ахлоқий меъёрларига қарамай, исломий банклар ҳам ўз фаолиятидан даромад олишни кўзлайди. Ҳар қандай бизнесда бўлгани каби, фойда фаолиятни давом эттиришнинг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.
Одатда, оддий банк иккита асосий вазифани бажаради: жамғарма омонатларини қабул қилади ва қарз беради. Мижозлар, қоидага кўра, тўрт тоифага бўлинади: жисмоний шахслар, хўжалик юритувчи субъектлар (компаниялар), давлат сектори ва бошқалар. Пул қўйиш учун анъанавий банклар одатда жамғарма ҳисоб варағини, жорий ҳисоб варағини, муддатли ҳисоб варағларни ва муомалада эркин бўлган депозит сертификатларини таклиф қилади. Хизматлар тури мижознинг шаклига боғлиқ равишда ўзгариши мумкин.
Анъанавий тижорат банклари жисмоний шахсларга, бизнесга, давлат муассасаларига кредитлар таклиф этади. Мижозларга овердрафт, аккредитив, кафолат хатлари ва бошқалар тақдим этилади. Қўшимча хизмат сифатида пул ўтказмалари, валюта алмаштириш ва маслаҳат хизматлари кўрсатилади. Тижорат банклари бажарадиган вазифа вазиятдан келиб чиқиб ва вақт омилини ҳисобга олган ҳолда ўзгариб туриши мумкин. Исломий банклар ҳам омонатлар қабул қилади ва молиялаштириш механизмларини таклиф этади. Худди тижорат банклари сингари, исломий банкларда ҳам жамғарма, жорий ва муддатли омонат ҳисоб варақлари мавжуд. Бошқа хизматлар сирасига – пул ўтказмалари, валюта алмаштириш ва маслаҳат хизматлари киришини ҳам айтиб ўтиш мумкин. Лекин, барча амалиёт – рибо ёки фоиз унсурларидан “тозалаб” ташланган.
3. Исломий молиялаштириш тамойиллари бўйича маълумотлар ўқувчиларимизда қизиқиш уйғотиши, табиий...
Қандай атамалардан фойдаланишдан қатъий назар, исломий банк тизимидаги шариат тамойилларини 5 тоифага ажратиш мумкин.
Биринчи тоифа – фойда ва зарарни тақсимлаш тамойили, иккинчиси – олди-сотди тамойили, учинчиси – ўз ичига йиғим ва комиссияларни олади, тўртинчиси – бепул хизмат тамойилларини, бешинчиси эса – ёрдамчи тамойилларни баён этиб беради.
Қуйидаги тамойиллар аксарият исломий банклар томонидан кўп ҳолларда амалиётда ишлатилади: музораба, мушорака, муробаҳа, ижара, ижара ва иқтино, муажжал бай, истисно, карзи ҳасан, вадиа, раҳн.
Масалан, “музораба” атамаси исломий банклар томонидан тез-тез ишлатилади. Олимлар бу атаманинг бир қанча таржималарини келтириб ўтишган, улар орасида: ишонч асосида молиялаштириш, ваколатли шахслар ўртасида фойдани тақсимлаш, хусусий капитални ва фойдани тақсимлашни санаб ўтиш мумкин.
Бошқа сўз билан айтганда, маблағ эгаси (инвестор) маблағни бизнесни юритиш учун ишончли шахс (тадбиркор, бизнесмен)га беради. Инвестор бизнес юритиш жараёнига аралашмайди ва келишилган муддат якунида тадбиркор инвесторга асосий қуйилма миқдорини ва унинг фойдадан бўлган улушини қайтаради. Музораба тамойили камида икки киши ўртасидаги келишув ҳисобланиб, яъни раб ал-мол/инвестор ва музориб/тадбиркор ёки менежер ўртасида тузилади.
Келишув шартларига кўра, инвестор корхонани молиялаштириш мажбуриятини олади ёки белгиланган тартиб асосида тадбиркорлик фаолиятини юритаётган тадбиркорга ўз капиталини ишониб беради, тадбиркор кейинчалик қуйилма миқдорини ва олдиндан келишилган, фойдадан келадиган улушни инвесторга қайтариши шарт. Фойда улуши шартнома билан белгиланади ва қуйилмаси муваффақияти тўғрисида инвесторга олдиндан ҳеч ким кафолат бермайди. Агар зарар кўриладиган бўлса, форс-мажор ва музорибга боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлардан ташқари ҳолатларда инвестор барча “зарба”ни ўзига олади. Музориб, ўз навбатида, фақат вақт ва меҳнатини беҳуда йўқотади.
Бу фақат музораба тамойили ҳақида қисқача тасаввур бериши мумкин бўлган кичиккина кўриниш, холос. Албатта, бир суҳбат давомида исломий молиялаштириш тамойиллари ҳақида тўлиқ тасаввур бериш осон эмас. Ўқувчиларимиз китоб билан яқиндан танишиб, янада тўлароқ маълумот олиш имконига эга бўладилар.
4. Исломий банк тизими амалиёти қандай ташкил этилади?
Табиийки, банк фаолияти иштирокчиси бўлган исломий банк кенг миқёсдаги мижозлар эҳтиёжини қондирувчи хизматларни тақдим этиши зарур. Шу ўринда мижозларни учта асосий гуруҳ шаклида кўриб чиқиш мумкин: жисмоний шахслар, хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат ташкилотлари.
Жисмоний шахс ортиқча маблағга эга бўлгани ҳолда, уларни банкка инвестиция мақсадлари ёки битимлар учун депозит кўринишида киритади. Тадбиркорлар пулларини банкда битимлар ва инвестиция мақсадлари учун сақлайдилар, шу билан бир вақтда, ҳукумат инвестиция мақсадида шундай битимларга киришади. Жисмоний шахсларга банк молиялаштириш маблағлари уларнинг инвестициявий ва шахсий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлади. Тадбиркорларга эса молиялаштириш маблағлари ўз бизнесини бошлаш ва кенгайтириш учун керак бўлади. Талаб қилинган молиялаштириш маблағлари айланма капитал ва асосий воситаларни молиялаштириш шаклида бўлиши мумкин. Давлат муассасаларига эса, пуллар бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун лозим бўлади.
Исломий банк томонидан тақдим этиладиган хизматлар уч гуруҳга бўлинади: омонатларни қабул қилиш, молиялаштириш ва бошқа хизматлар.
Исломий банклар бошқа хизматларни ҳам таклиф этиши мумкин. Доимий мижозлар эҳтиёжига хизмат кўрсатишга қўшимча тарзда, вақтинчалик мижозлар эҳтиёжи учун ҳам банк хизматлари тақдим этилиши мумкин. Вақтинчалик мижозлар – булар фақат маълум бир ҳаракат учун маълум бир даврда банк хизматига эҳтиёж сезувчилардир. Бундай хизматлар аккредитивлар, кафолат хатлари, пул ўтказмалари, валюта айирбошлаш, чеклар ва векселларни чиқариш, маслаҳат ва бошқа хизматларни ўз ичига олади.
5. Исломий банклар фаолияти устидан назоратни ким амалга оширади?
Қонун Марказий банкка мамлакат молия тизимини назорат қилиш ва тартибга солиш ваколатини беради. Исломий банклар ҳам, молия тизимининг бир қисми сифатида, Марказий банк томонидан назорат қилинади ва тартибга солинади. Ҳақиқатда ҳам, исломий банк тизимида Марказий банк анъанавий банк тизимидаги каби вазифаларни бажаради. Мазкур вазифалар шариат ҳуқуқига ҳам мувофиқ келади, чунки исломий банклар ҳам мамлакат молия сиёсати учун жавоб берадиган ташкилот олдида масъулиятли ҳисобланади.
6. Исломий молия бозорлари, уларнинг таркибий қисмлари, фойдаланиладиган воситалар ҳақида ҳамда тартибга солувчи масъул ташкилотлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
Исломий банклар ташкил этилишининг дастлабки босқичларида улар тақдим этадиган хизматлар рибодан ҳоли бўлган молиялаштириш хизмати – омонатлар томон етаклаган. Мусулмон омонатчиларнинг улкан мадади исломий банкларда ҳам ликвидлилик билан боғлиқ муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Инвестициявий фаолият талабларининг чеклови туфайли, исломий банклар баъзан пул маблағларини керакли тарзда ишлата олмас эдилар. Шундай қилиб, исломий банклар бўш турган маблағларни инвестиция қила олмас эдилар, бу эса инвестициялардан даромад олиш имкониятини йўққа чиқарар эди. Анъанавий тизимда яратилган механизм банкларга бўш турган маблағларни маблағларга эҳтиёжи мавжуд молия муассасаларига қарзга бериш имкониятини яратади. Шунингдек, фойдаланиш мумкин бўлган турли молия воситалари банкларга капитал қўйилмаларни жойлаштириш имконини беради.
Исломий банклар ва глобал исломий банк тизими олдида турган муаммолар, ўз молия бозорларига эга бўлиш кейинги ривожланиш учун катта аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб берди. Амалиётда, молия бозори ўзаро манфаатдор икки томон учрашадиган жой ҳисобланиб, томонларнинг бирига ўз молиявий эҳтиёжларини қондириш учун маблағ талаб қилинса, иккинчи томонга эса, фойдаланилмаган маблағларни даромад шартлари асосида инвестиция қилишга имконият яратилади.
Исломий молия бозорлари ҳам бир нечта таркибдан ташкил топган: капитал, пул, форвард ва ипотека бозори. Молия бозорининг ушбу таркиби анъанавий молия бозоридаги мана шундай маҳсулотлардан ўзининг таркибий жиҳати билан тубдан фарқ қилади ва улар амалиёти шариат талабларига мувофиқ келади. Бундан ташқари, пай инвестиция фондлари ҳам инновация маҳсулоти сифатида молия бозорида ўзининг мавқеига эга бўлиб бормоқда.
7. Исломий суғурталаш тизими жаҳон суғурта бозорида ўзига хос мавқега эга. Шу ҳақида суҳбатимизни давом эттирсак.
Исломий суғурталаш тизими “такофул” номи билан машҳурдир.
Такофул – табиий офатлардан ҳимоя қилишни таъминлаш учун яратилган тизим бўлиб, анъанавий суғурталаш тизимида тақдим этиладиган ҳимояга ўхшаб кетади. Такофул моҳиятан ўзаро ёрдам концепциясининг, шунингдек Исломгача бўлган арабларда кенг қўлланилган, айбсиз шахсни ўлдирганлик учун тўланадиган қоплама концепциясининг давоми ҳисобланади.
“Такофул” сўзи арабча “кафала” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “ўзаро кафолатлаш” ёки “бир-бири тўғрисида ўзаро қайғуриш” маъноларини англатади. ”Кафала” феъли ҳимоя қилмоқ ёки бирор кишининг манфаатларини кўзламоқ ёки кимгадир кафолат бермоқни билдиради. Такофул бир-бирига ўзаро кафолат тақдим этадиган икки томон тўғрисидаги ғояни беради.
Такофул номи билан маълум бўлган исломий суғурталаш Исломнинг биринчи йилларида “оқила” тизими остида вужудга келди. Такофулнинг замонавий тизими 1979 йил Суданда ўз фаолиятини бошлаган такофул компаниясининг вужудга келиши билан боғлиқ. Малайзияда такофул тизими 1984 йилда Шарикат Такофул Малейжа компаниясини тузиш билан жорий этилди. Бугунги кунда Малайзияда Шарикат Такофул Малейжадан ташқари яна еттита такофул компаниялари ишлаб турибди.
Ушбу компаниялар ўз фаолиятида ишлатадиган концепциялар баъзи жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилади. Айримлари табарру ва музораба концепциясидан фойдалансалар, шу билан бир вақтда, бошқалари ваколат концепциясидан фойдаланадилар. Худди исломий банк тизимининг ривожланиши каби, Малайзияда такофул тизимининг тезкор ривожланиши ва ўсиши ушбу жараёнда давлатнинг иштирок этишига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Бошқа мусулмон мамлакатлар билан таққослаб кўрилганда, Малайзия ҳукумати такофул тармоғининг олдинга силжишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Малайзия Марказий банки томонидан пухта ва яхши ташкилланган режалар ишлаб чиқилмоқда, бу эса, ўз навбатида, такофул миллий тармоғини бошқа мамлакатлар учун намунали ва нуфузли андозага айлантирди. Такофул соҳаси анъанавий суғурталаш тармоғига нисбатан ҳали куртак ҳолатида бўлса-да, ҳозирги вақтда такофул компаниялари анъанавий суғурта муассасалари тақдим этаётган маҳсулотларга ўхшаш маҳсулотларни таклиф этиб келмоқдалар.
8. Исломий банк тизими билан боғлиқ ҳалқаро ташкилотлар тўғрисида сўзлаб берсангиз.
Исломий молия муассасалари 1970-йилларда тезкор ривожлана бошладилар. Улар сонининг ортиб бориши билан, исломий молия хизматлари соҳасида воситачи ёки муаммоларни ечиш ҳаками сифатида умумий манфаатга хизмат қиладиган махсус ташкилот зарурлиги аён бўлиб қолди. Жиддада жойлашган Ислом Тараққиёт Банки (ИТБ) бутун дунё бўйича исломий банклар тузишнинг асосий катализаторларидан бири ҳисобланади. 1975 йилда ташкил этилган ушбу банк, мусулмон мамлакатлари ўртасидаги моддий қийматликларни ҳамкорлик асосидаги сафарбарлик ишида, шунингдек, кам ривожланган мусулмон мамлакатлари иқтисодий ўсиш даражасини оширишда етакчи муассаса ҳисобланади. ИТБ томонидан амалга оширилган лойиҳалар нафақат унга аъзо мамлакатларга, балки мусулмон ва номусулмон мамлакатлардаги мусулмон жамоалари учун ҳам наф келтиришга мўлжалланган. Банк тўрт тоифа: лойиҳавий молиялаштириш, техник ёрдам ва вақф жамғармаси, савдони молиялаштириш ва улар билан боғлиқ муассаса ҳамда махсус жамғармаларнинг фаолияти бўйича дастурларни ишга туширган.
ИТБдан ташқари, шунингдек, мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва фаолиятни амалга оширишда ўзаро манфаат келтирувчи, исломий молия муассасалари аъзолари саналадиган бир нечта ташкилотлар ҳам тузилган. Дастлабки шундай шаклда тузилган ташкилот Исломий банклар ҳалқаро уюшмаси бўлди. Бахтга қарши, ушбу ташкилот ўттиз йиллик фаолиятидан сўнг, 1997 йилда тарқатиб юборилди. Унинг ўрнига Баҳрайнда Исломий банклар ва молия муассасалари ҳалқаро бош кенгашига асос солинди. Шундай бўлса-да, Кенгашнинг фаолияти семинар ва конференциялар ташкил этиш билан чекланиб қолмоқда, унга тармоқда ўз иштирокини сезиларли даражага олиб чиқиш учун ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозим бўлади, деб ўйлайман. Миллий даражада Малайзия Исломий банк муассасалари уюшмаси каби уюшмалар маҳаллий исломий муассасалардан иборат бўлган ўз аъзоларининг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш учун тузилган. Уюшма, шунингдек, исломий банкингнинг ривожланишини фаоллаштириш ва рағбатлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ушбу ташкилотларга қўшимча сифатида марказий банклар ва пул-кредит сиёсатини тартибга солувчи ташкилотлардан иборат бошқа муассасалар ҳам ташкил этилган. Масалан, Баҳрайнда жойлашган Исломий молия муассасалари учун бухгалтерия ва аудит ташкилоти (AAOIFI) исломий молия муассасалари аудити ва бухгалтерия ҳисоби билан боғлиқ масалаларни ечиш учун махсус ташкил этилган. Маркази Куала-Лумпурда бўлган Исломий молиявий хизматлар бўйича кенгаш, тармоқда назорат ва тартибга солиш йўли билан исломий молиялаштиришнинг барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун ташкил этилган. Баҳрайнда жойлашган Ҳалқаро исломий молия бозори иккиламчи бозорда исломий молия воситаларини олға суриш ва тараққий эттириш учун масъул ҳисобланади.
Малакавий тайёргарлик ва таълим тўғрисида тўхталадиган бўлсак, Жиддада жойлашган Исломий тадқиқот ва ўқув муассасаси ҳамда Малайзия Исломий банкинг ва молия муассасаси миллий ва ҳалқаро даражада исломий молия сектори учун малакали ходимлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.
Абу Муслим тайёрлади
Китоб ҳақида батафсил маълумот: http://islom.uz/content/view/3697/137/