Илдизига қара... (Доғистондаги ҳолатга бир назар)

Қуйида геосиёсий муаммолар академияси вице-президенти, стратегик ва этносиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Данга Ҳолидовга тегишли ана шундай маълумотларнинг бирини ҳукмингизга ҳавола қиламиз.

 

 “Ўзини ҳимоя қилиш отрядлари" ва террористик хуружлар

 

Сайид Афанди Чиркавийга қарши уюштирилган террористик хуруж суфий ва салафийларни бир-бирига гиж-гижлаш бўйча навбатдаги катта ҳаракат бўлди. Агар бунга миллий масалани ҳам қўшиб кўтарадиган бўлсак, бу иш аварларни бир-бирига қарши қўйиш ҳаракати ҳамдир. Мансабдорлар ҳамда сотилган “мутахассислар” (экспертлар) “террористлар бизларни қўрқита олмайди”, “бўлиб юбора олмайди” деб қанча кўп бақиргани сайин уларнинг қилмишлари башараларидан маълум бўлиб бораверади. Кўпчиликнинг хотираси қисқа бўлади ва баъзи мусулмонлар ҳам бундан мустасно эмас. ТВга тез ишониб кетиб, Россия шаҳарларидаги жуда кўп сонли тинч аҳоли қурбон бўлган “сирли” террор хуружларини ҳам тез унутиб юборишди.

 

Соядаги ўйинчилар

 


Ҳеч бўлмаса,  1999 йил сентябридаги Рязан “машқларини” эслаб кўринг, ўшанда бир катта уйни портлатиб юборишга оз қолган эди. Фақат шу уйда яшовчиларнинг бир нечтасининг сергаклиги, хушёрлиги туфайли одамлар ўлимдан омон қолишганди. Қўлга тушганлар эса... уларнинг кимлигини ўзларингиз яхши биласиз. Ёки 2000 йил август ойидаги Москванинг қоқ марказидаги (“Пушкинский” метроси ёнида) ер ости ўтиш йўлида амалга оширилган бошқа террор хуружи-чи? Ўшанда ҳаммасини Шимолий Кавказлик тўрт нафар ёш салафий мусулмонга ағдариб қўйишга уринишган эди: иккита чечен, ингуш ва авар. Улар Москвада балиқ дудлайдиган жойга эга бўлиб, тижорати ҳам шу асосида эди. Россия пойтахтининг бир округи мелисалари (РУБОП МВД) уларнинг ўзига хос “хусусиятлари” ва яшаш тарзини (ибодатда, соқол қўйган мусулмонлар) инобатга олиб уларни амалга оширилмаган террор хуружда айблашди, уларни террорчига чиқаришмоқчи бўлишди. Лекин амалиёт шармандаларча фош бўлди (2001 йилда НТВ бу ҳақда алоҳида дастур намойиш қилди). Одамларнинг кўпи ўлди, бунга айбдор эса... Нима деб ўйлайсиз, айб кимда ва бу зулмларга ким жавоб бериш керак?

Мен Россия ва хорижда содир этилган террор хуружларини, айниқса Яқин Шарқдаги содир бўлаётган террор хуружларини иложи борича диққат билан ўрганганман. Жиддий нашриётларда бир нечта илмий мақолаларим ҳам нашр қилинган. “Ислом террори” деб аталмиш нарса атрофидаги шов-шувлар ва бундан ким фойда кўраётгани мен учун ҳеч қандай сир эмас. Энг аввало, Ғарб ва “Исроил”: “видео” ва (портловчи моддаларни) сканер қиладиган ускуналарни ишлаб чиқарадиган қудратли компаниялардир. Кўп йиллар мобайнида кўп миллардли даромадлар. Агар қандайдир мамлакат мазкур ускуналарни сотиб олишдан бош тортса, у ерда террор хуружи амалга оширилади, кейин эса жаҳон ОАВлари “Ислом террори” ҳақида шов-шув кўтаради. Натижада ўша ҳукумат сарф-харажат қилишга мажбур бўлади. Европада бундай сурбетларча иғвогарлик жамоатчиликнинг қаҳр-ғазабига нишон бўлиб бормоқда. Фақат Россияда зомбилаштириш билан шуғулланаётганлар одамларни дебилга айлантириш билан овора, “фикр уйқусидан” ўзига келишига йўл қўймаяпти.

Бироқ нега бу террор хуружи айнан ҳозир амалга оширилди? Сўнгги вақтларда Россия ва Доғистонда нималар содир бўлдики, айнан бугун Шимолий Кавказнинг нақ юрагига ханжар санчилди? Ким бунга буюртма берди? Амалга оширишга ёрдам берганлар кимлар? Ниҳоят, бундан ким фойда кўради? Шубҳасиз, Ислом душманлари: лавозим, мансабга ёпишиб ўтирганлар ва ҳаром йўллар билан топилган мол-мулкларни қўлдан бой бермаслик  учун ҳар қандай жирканч нарсага ҳам тайёр бўлган кимсалар: анчадан бери Доғистонни Россия учун ўзига хос Фаластинга, Россияни эса Янги Исроилга айлантирмоқчи бўлган кимсалар. Ватанимизда “ўрмонликлар” уламо ва имомлар билан жанг қилмаётгани кўпчилигимизга кундек аёндир, бироқ бу сурбетларча амалга оширилган террор хуружи ортида кимлар турибди экан-а?

Уларнинг тактикасини қабул қилиш ёки инкор қилиш мумкин. Бироқ, бу услуб (айни босқичда) мусулмонлар жамоати учун ҳалокатлидир. Тинчликка эришиш йўллари ҳали ҳам бор. Ислом ва секуляр ҳаёт тарзи ўртасида муросага келиш имкони қолганлигига аминман. Гарчи юқори кабинетлардан халққа ўз ҳукмини ўтказаётган “бесоқоллар” мамлакатида яшасак, шайтон малайлари эса ҳар куни телеканаллар орқали сенинг ахлоқий ва диний ҳис туйғуларингни ҳақоратлаб, мусулмонларга, Исломга ва умуман Кавказга мағзава ағдариб туришса бунга қандай чидаш мумкин? Ёшим олтмишдан ошди, бунга ўрганиб кетишим керакдек эди. Бироқ, кун сайин кучайиб бораётган тарғибот (мусулмонларга, кавказликларга нисбатан одоб доирасидан чиқиб) янада орсиз, янада ҳақоратли бўлмоқда, ёлғон эса янада сурбетлашиб бормоқда.

 

Террористик хуружлар кимга керак?

 


Сўнгги ойлар, ҳатто сўнгги йиллар ичида Доғистондаги мусулмонларнинг турли жамоатлари орасидаги (сўфийлар ва салафийлар ўртасидаги) низони бартараф қилиш йўлида ижобий ҳаракатлар бошланган эди. Тажовузкорона жоҳилликка барҳам берилаётган, мусулмон ёшларининг кўзлари очилаётган эди. 7-8 йил аввал тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган нарсалар сўнгги бир неча йил ичида мумкин бўлиб қолди. Салафийлар Доғистон мусулмонлар диний идораси вакиллари билан музокаралар ўтказиш учун жам бўлдилар. Кўп масалаларга жавоб топдилар, хусусан кўпроқ сўфийлардан бўлган имом ва уламоларнинг “сирли” қатл қилинишлари бўйича ҳам...
Менимча, мен бу ерда хато қилаётганим йўқ. Ишончли манбалардан маълумки, мен “учинчи тараф” деб атайдиган тарафга бу хуш келмаган. Антитеррор компаниялари нондек зурур бўлган кучлар: бу ҳам сиёсат (мансаб, лавозим ва мукофотлар), ҳам иқтисод ва айни пайтда узоқ муддатли дастурлар ичида катта маблағларни ўзлаштириш имкониятларидир. Шунинг учун ҳам мусулмонларнинг бирлашиш бўйича қилинган ҳаракатларини тугатишга қарор қилишган.

Ҳар доим бу террор ҳуружидан ким фойда кўради, у қандай вазифаларни бажаради, буюртмачи ким, бундай амалиётларнинг инфратузулмалари ортида кимлар турибди деб савол бериб кўриш лозим. Сиёсий лақма бўлиб қолмаслик керак, бизнинг тарғиботлар эса айнан шуларга қаратилган бўлади.

Буни амалга оширганлар истаган одам ёки гуруҳ бўлиб чиқиши мумкин. Амалга оширганлар ўзларининг кимларнинг қўлида қай мақсадда ўйинчоқ бўлиб қолганини билмаган бўлишлари ҳам мумкин.

Бунга ўхшаш ҳолатлар Европа ва Яқин Шарқ террор хуружларида жуда кўп учрайди. Буни “бегона байроқ остидаги” террористик амалиёт ҳам деб айтадилар. Масалан, 1960-1970 йилларда Германия, Италия ва Франциядаги террор хуружлари ультрасўлчилар байроғи остида амалга оширилар эди. Агар бу хуружларга диққат билан назар солсангиз, уларнинг барчасида НАТО махсус хизматлари ва МРБнинг (ЦРУ) қўли борлиги аён бўлар эди. Мақсад – социалистлар, коммунистлар ва умуман Совет иттифоқини бадном қилиш бўлган. Айнан ушбу услуб бугун Доғистонда кенг кўламда қўлланилмоқда. Айтмоқчи, “террорчи”ни ҳам қанчалик тез аниқлашганидан қойил қолиш, ажабланиш керак (Қурбанова (Сапрыкина) Аминат исмли, Исломни қабул қилган ўттиз яшар рус аёл). Неофитлардан “сирли” ишларда тез ва осон фойдаланиш мумкин. Ҳозир баъзи маҳаллий таҳлилчилар менинг 2005 йилда ёзган “Доғистонни ким буюртма қилди?” мақоламга ишора қилмоқда. Ўшанда мен сўфий ва салафийлар ўртасидаги зиддиятни кучайтириш ҳақида юқоридан кўрсатма бўлгани, республикадаги вазият янада оғирлашиши ҳақида ёзган эдим.

Антитеррор қанчалик кўп бўлса – унга қарши террор жавоби ҳам шунча кўп бўлади. Шимолий Кавказни, айниқса унинг “юраги” ҳисобланган Доғистонни Россия жанубидаги доимий кескинлик ўчоғига айлантириш бўйча қандайдир стратегик кўрсатма борлиги яққол намоён бўлиб бормоқда. Эҳтимол, бундай стратегиянинг ҳалокатга олиб келиши муқаррар экани генералларнинг ҳаёлига келмаётгандир. Улар душманни ҳозир ва шу ерда деб кўришмоқда. Баъзан бунга уларнинг ўзлари сабабчи бўладилар: маҳкамасиз жазолашлар, қийноқлар. Мен буни Абу Грей (Ироқдаги турма) ва Гуантанамо (Кубадаги АҚШ қамоқхонаси) синдроми деб атайман.

“Ўрмончилар”дан кимдир бу террор хуружини бўйнига ҳам олди, дейлик. Бу ҳолатда улар ўз вақтида чор Россиясида эсерлар сафида фаолият юритган Азеф ишини такрорлаган бўлишади ёхуд жоҳилликлари ёки мақтанчоқликлари туфайли нима қилаётганларини ўзлари билишмаётгандир. Бу жуда мураккаб ўйин. Яширин ҳаракат аъзоларининг баъзилари “бу ўйиндан зафар билан чиқамиз” деб ўйлашлари мумкин. Бироқ, бошқалар, яъни қудратли ва сурбет куфр кучлари улардан очиқ ёки яширин ҳолда доим фойдаланаётган бўлиб чиқади.

 

ЗАИФ ХАЛҚА

 


Умуман олганда, Россия нишонга олинган, табиийки, заиф халқа ҳисобланган Доғистон ҳам. Бу ердаги фикрларимда ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Мен бунга ўхшаш провокациялар орқасида федерал ҳукумат турибди деб ҳисобламайман. Бироқ ўша ҳукумат бир, якдил эмас-да, ҳукумат ичида ҳам турли хил “партия”лар мавжуд. Ўз ўрнида эса бу “партия”лар Россия келажагига таъсир қилиш учун ҳар қандай воситадан фойдаланишмоқда. Масалан, президент ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров давлат ташқи сиёсатида ягона сиёсат юргазиб келишади. “Мутахассис” ва журналистлар, давлат бошқарувида ёки уларга яқин бўлган ташкилотларнинг сиёсатчи ва шуларга ўхшаганлар (турли хил марказлар, ОАВлар, институтлар) тўдаси уларнинг гапларига умуман тескари нарсаларни гапириб ётадилар. Яна оддий эмас, балки федерал даражадаги телеканалларда. “Эркин” матбуот ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ҳақиқий сиёсий шизофрения. Шимолий Кавказда ҳам шундай, Россия учун ёмон оқибатларни келтириб чиқараётган нарсалар жуда кўп катта офицерлар учун ҳаёт тарзига айланди.

Шунинг учун ҳам, Козьма Прутков айтмоқчи, “илдизига қараш” ва яхшилаб ўрганиш керак: Доғистондаги бу қонли “бўтқа” кимга керак, бунинг орқасида кимлар турибди? Сотилган “мутахассис”лар ва шуларга ўхшаш арбобларнинг террорчилар ҳақида ваҳималарини такрор қилавермасдан, таҳлил қилишни ва Фарқлашни (ҳа, ҳа, катта харф билан!) ўрганиш керак. Фақат шу йўл билангина террор ва контртеррорнинг бузуқ халқасидан  халос бўлишимиз мумкин.

Ва ниҳоят, Республика раҳбари Муҳаммадсалом Муҳаммедовнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш отрядларини ташкил қилиш ҳақидаги ғояси ҳақида. Бир қарашда тўғри ғояга ўхшайди, бироқ бу “отряд”лар нима билан шуғулланади? Яширин ҳаракатдагиларни топиш ва “ваҳҳобий”лар билан курашадиларми? Бироқ яширин ҳаракатда бўлганлар очиқчасига юришмайди-да. Дружинникларнинг бу ерда қиладиган иши йўқ. Одатда “ваҳҳобий” деб номланадиганлар Доғистон тинчлиги ва фаровонлиги учун диний идора пешволари ҳамда ўлдирилган шайхнинг муридлари билан аллақачон мунозарага келишган эдилар. Уларга имом ва уламоларни қатл қилаётганлар ва бу террорчилар орқасида ким турганлиги аллақачон маълум бўлган. Бироқ, ҳукумат ўн йил олдин нима деган бўлса, ҳозир ҳам шуни тўтидек такрорламоқда. Бироқ, энди одамлар нималар юз бераётганини тушуниб қолишди.

Балки бу ўзини-ўзи ҳимоя қилиш отрядларига формадагилар сафида чексиз зулм қилаётган, маҳкамасиз жазолаётган, яъни ҳақиқий террор билан шуғулланаётган “сирли” одамларни топишни топшириш керакдир. Антитеррор коммисияси раиси сифатида Доғистон раҳбари федерал аҳамиятидаги куч ишлатар тизим вакилларини қонунга амал қилишга мажбур қилиши керак эди. Ҳар бир маҳкамасиз жазо, зулм ва қийноқлар, ўнлаб ёш йигитларнинг бедарак йўқолиб қолиш ҳодисаларнинг ҳар бирини яхшилаб ўрганиб, керакли қарор чиқариши лозим эди. Ҳеч бўлмаса ўз республикасида Рамзан Қодиров фээсбэшник ва турли хил махсус федерал хизматларини “рамка”га олиб, турли хил “сирли” террор ҳуружларига чек қўйилишига сабаб бўлганидан ибрат олса бўлар эди.  Улар аста-секин йўқолиб кетди.
Қайтариб айтаман, бунинг учун республика раҳбарида етарли ваколатлари бор, фақат журъат ва тушунча керак, яъни адолат, инсон ҳаётининг қадри, ҳақ ноҳақлик билан қандай фарқланади ва ҳоказо. Бошқача қилиб айтганда, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш отрядларини ташкил қилиш ташаббуси осонликча “жодугарлар ов”ига айланиб, фуқаролар уруши бошланиш эҳтимолини юзага келтириши ҳам мумкин. Бундай ҳолат юз берадиган бўлса, баъзи доғистонликларни тўплаган бойликлари ҳам қутқара олмайди. Келинг, лақма бўлмайлик-да, виждонимизга қулоқ тутайлик. У ҳали ҳеч қачон бизларни алдаган эмас.

 

Манба: ndelo.ru
Абу Муслим (эркин таржима)

back to top