“Нарсаларни ўз номи билан атанг!”

“Нарсаларни ўз номи билан атанг!”

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров “Известия” газетасининг мухбири Анастасия Кашеварова билан суҳбатда терроризмга қарши кураш, орият кишилари, ҳуқуқнинг сохта ҳимоячилари ва бошқа масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. Интервью газетада “Бугунги жангариларни даволаб бўлмайди, уларни йўқ қилиш керак” сарлавҳаси остида эълон қилинган.
Суҳбатдан олинган қуйидаги парчаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Анастасия Кашеварова (А.К.): Рамзан Ахматович, афсуски, суҳбатимизни Грознийда содир этилган ва 14 нафар полициячини ҳаётдан олиб кетган теракт [ҳақидаги савол] билан бошлашга тўғри келмоқда...
Рамзан Қодиров (Р.Қ.):  Шуни масъулият билан маълум қиламанки, бир-бир ярим ой илгари биз Ингушетия билан чегарада тўртта ёки бешта жангарини топган эдик ва уларни ўша жойнинг ўзидаёқ йўқ қилганмиз. Грозний ҳудудига кирган ўша жангарилар ҳам Ингушетия чегарасида бўлганликлари ҳақида бизда ҳозир маълумот бор. Чеченистон Республикаси ҳудудини текширмоқдамиз, қўриқламоқдамиз ва бу жараён деярли тўхтатилмаяпти. Тоғдаги ўрмонда бизнинг жангчилар ишламоқда... Бироқ, нима бўлган бўлса ҳам, бўлиб ўтди. Балки, биз уларга етарли даражада баҳо бера олмагандирмиз, бўшашгандирмиз, бу биз учун катта дарс. Бу шайтонлар Қофқоз ҳудудида экан, бизга бўшашиш мумкин эмас.
...
А.К.: Жангариларнинг оилаларига нисбатан қаттиқ, айрим жойларда эса ҳатто шафқатсиз сиёсат олиб борасиз. Масалан, Доғистон тоққа чиқиб кетган одамларга нисбатан етарли даражада либерал сиёсат олиб боради, уларни қайтаришга уринишади. Жангариларга бўлган бундай ёндашув салбий таъсир этадими?
Р.Қ.:  Йўқ, аслида, адашган одамларни қайтаришга ҳаракат қилиш керак... [Биз] адашган 7 мингдан зиёд йигитларни қайтарганмиз. [Жангариларга тушунтириш ва уларни қайтариш бўйича] музокараларда мен шахсан қатнашганман ва уларнинг ҳаракатлари муқаддас уруш эмаслиги ҳақида далиллар келтирилса, улар қайтганликларини биламан...
Бироқ, гап бошқа одамлар ҳақида бормоқда. Улар Чеченистон Республикаси ҳудудида амалга оширилаётган ишларни, масжидлар қураётганимизни, исломий халқаро анжуманлар ўтказаётганимизни, Исломнинг ҳамма “ранглари” бизга ташриф буюраётганини кўриб турибдилар...
Бугунги жангарилар – адашганлар эмас, улар касал. Уларни даволаб бўлмайди, уларни фақат йўқ қилиш мумкин. Бизда масжидлар ишлаб турибди, ваъзлар ўқилади, радио, телевидение, газеталар, ҳар хил сайтлар [бор] – ҳар ким ўзини ўйлантираётган саволга жавоб олиши мумкин. Исломга, ўз халқига ва қонунга қарши йўл тутган ўша одамлар қаттиқ жазоланади...
А.К.: Фактан сиз айтмоқдасизки, 1990-[йиллар]даги террорист ғоявий, лекин адашган курашчидан касал кишига айланган. Фанатикка, дейиш мумкин. Агар терроризмнинг ғоявий таркиби ўзгарган бўлса, унинг таҳдиди ортганми?
Р.Қ.: Бизда терроризм таҳдиди ўсмаган, ҳатто салбий динамикани кўрсатмоқда... [Яқинда Грознийда содир этилган қўпорувчиликда] террористлар... сўнгги [киши]ларини, умуман ёш йигитчаларни жалб қилишди. Доку Умаровнинг акаси Аҳмад, мен уни билан, у Докудан ҳам ифлос, ана шу шайтон ёш болалардан фойдаланди... Ўша йигитчаларни бузишди ва муқаррар ўлимга юборишди.
Ўйлайманки, бунақаси бошқа бўлмайди...
...
А.К.: [Чеченистонда бўлиб ўтган кўпминг кишилик] митингда [намойишчилар] нафақат террористлар, балки бир қатор ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳам қарши чиқишган.
Р.Қ.: Терроризм билан курашни давом эттириш керак, ҳуқуқнинг ўша сотқин ҳимоячиларини республика ҳудудидан ҳайдаш керак, чунки улар муқаддас бўлган ҳамма нарсани АҚШ ва Европанинг пуллари эвазига сотиб юборишди – ориятни, виждонни, Ватанни, халқни. Бизда тинчлик ва равнақ бўлиши учун биз узоқ курашдик... Бунинг ҳаммаси биз учун жуда ҳам қимматга тушди ва ҳеч кимга ўйнашишга, ҳеч кимга хазил қилишга изн бермаймиз. У ким бўлишидан, ким деб аталишидан қатъий назар. Мен уларнинг ҳаммасини танийман, жанговар ҳаракатлар бўлаётганда, ҳуқуқни гўёки ҳимоя қилувчи ўша ташкилотлар доим бандитларга ёрдамлашишган. Ҳозир ҳам улар буни завқ билан қилмоқдалар, чунки биз уларни тинч қолдирмоқдамиз, лекин уларни ёпиш, текшириш, Россиядан ҳайдаб чиқариш керак...
...
А.К.: Баъзи ОАВлар, хусусан “Эхо Москвы”, Владимир Путин сиздан хавфсираши ва сизда алоҳида мақом [бор] экани ҳақида сўз кетувчи материалларни чоп этишади...
Р.Қ.: Булар сотқинлар, Парвардигорнинг номи ила қасам ичаман. Агар мен Путинга менданда содиқроқ инсон борлигини билганимда эди, ўзимни ҳурмат қилмасдим. Мен Владимир Путинга жуда содиқман... Бизда Путин билан эркакча муносабат, мен уни президент бўлгани учун ҳам эмас, балки эр киши ва патриот бўлгани учун ҳурмат қиламан биринчи навбатда.
...
А.К.: Миллатлараро тафовут – мамлакатни бузиб ташлаш воситаларидан бирими бу?
Р.Қ.: “Қофқоз Россияга бўйсинмаяпти”, “Қофқозни боқиш етар”... Бу шиорларни ким ўйлаб чиқарган? Сотқинлар ва ғарб тузилмалари...
...
А.К.: Чеченистондан бўлган депутат Шамсоил Саралиевнинг “ислом терроризми” атамасини таъқиқлаш таклифига қандай муносабатдасиз?
Р.Қ.: Агар ОАВ уларни (жангариларни) мусулмон деб атаса – бу нотўғри! Мен бу шайтонларни мусулмон деб атамайман, чунки улар Суннатга, Пайғамбар [соллалоҳу алайҳи васаллам] васият қилганларининг ҳаммасига риоя қилмайдилар, улар Пайғамбар [соллалоҳу алайҳи васаллам]ни мусулмон киши учун керак бўлган даражада эътироф этмайдилар. Албатта, уни мусулмон эмас, дейиш жуда мураккаб, диндаги мураккаб масала бу, лекин бизда асослар бор. Мана, ҳозирда нашавандлар, бузғунчилар ва дин билан ҳеч қанақасига боғлиқ бўлмаган одамлар жанг қилаётган ҳудудларни “Ислом давлати” деб атамоқдамиз биз, бироқ бу нотўғри. [“]ИД[”] – бу террористик ташкилот бўлиб, уни Ғарбий Европа дунёга келтирди, ва бунинг ҳаммаси Исроил назорати остида ушлаб турилибди. Ҳамма бу ҳақида билади: ҳамма мусулмонлар, диний етакчилар, шайхлар, профессор-докторларнинг ҳаммаси бу ҳақида маълум қилмоқдалар...
Мен айтаман: кимнинг отаси, онаси бўлса, кимнинг илдизлари тоза бўлса, у террористик ташкилотни қўллаб-қувватламайди. Ва қачонки: чечен мужохиди ёки шаҳиди, дейилса... Менинг отам доим таъкидларди: у шаҳид эмас, у ўзини ва бошқаларни ўлдирувчи (рус. “смертница”)дир, уларни ундай деб атаманг. Нарсаларни ўз номи билан атанг. Шундай экан, мен депутат Саралиевни тўла қўллаб-қувватлайман... [чунки,] уларни бундай деб аташга бизнинг ҳаққимиз йўқ, бўлмаса, ўсиб келаётган авлодга, улар ҳақиқатан ҳам Аллоҳ учун ўлдиришган ва ўзларини ҳам ўлимга ташлашган, деган ўй учун асос берган бўламиз...
...
А.К.: Ғолиб бўлиш сизга ёқадими?
Р.Қ.: Адолатли бўлиш ёқади менга. Адолатли [бандаси]ни эса Аллоҳ доим қўллаб-қувватлайди.

Рус тилидан Абу Иброҳим таржимаси

Суҳбатнинг тўлиқ матни: www.izvestia.ru/news/580923 (рус тилида)

back to top