"Оли байт муассаси" қироллик академиясининг 16-мажлиси (3)
- Written by Administrator
Иордания давлати пойтахти Аммон шаҳридаги "Милленниюм" меҳмонхонасида 19 август куни соат 11 да "Оли байт Ислом фикри қироллик академияси"нинг ўн олтинчи умумий мажлисининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда академия аъзолари, давлат арбоблари, дипломатик ходимлар, турли жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари ва уламолар иштирок этишди.
Мажлиснинг очилиши Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Сўнгра "Оли байт Ислом фикри қироллик академияси"нинг мудири тайёрлов кўмитаси номидан сўзга чиқди. "Оли байт Ислом фикри қироллик академияси"нинг аъзолари номидан доктор Абдулазиз Тувайжирий сўзлади. "Оли байт Ислом фикри қироллик академияси"нинг раиси олиймақом амир Ғозий ибн Муҳаммад сўзлади.
Сўзловчилар академиянинг ўтган мажлиси билан ушбу мажлиси орасидаги муддатда вафот этган аъзолар Иордания бош мутийси, собиқ Исломий ишлар вазири доктор Абдулазиз Хаййот, Миср собиқ маданият вазири Сарват Ибоза, машҳур франсиялик мусулмон арбоб Рожэ Гарудий, доктор Абдулҳодий Абу Толиб, машҳур аллома, олтмишдан ортиқ китоблар муаллифи шайх Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий ва бошқаларни эсладилар ва уларнинг руҳларига атаб Фотиҳа сурасини тиловат қилиб, ҳақларига дуо қилишни таклиф қилдилар.
У киши академиянинг янги аъзоларига аъзолик гувоҳномаларини топширди. Фазилатли шайх устоз, Мисрнинг собиқ муфтийси доктор Али Жума дуо қилдилар ва бошқа барча қатнашчилар "омийн" деб дуо қилишиб турдилар.
Шу билан "Оли байт Ислом фикри қироллик академияси"нинг ўн олтинчи умумий мажлисининг тантанали очилиш маросими тугади.
"Оли байт Ислом фикри қироллик академияси"нинг аъзоларидан баъзилари ахборот воситаларининг саволларига жавоб бердилар. Жумладан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам баъзи телеканаллар мухбирларига очилиш муросими ва мажлиснинг аҳамияти ҳақида сўзлаб бердилар.
Куннинг иккинчи ярмида "Оли байт Ислом фикри қироллик академияси"нинг ўн олтинчи умумий мажлиси аъзолари икки гуруҳга бўлинган ҳолда мажлис мавзусининг биринчи қисми бўйича тайёрланган илмий маърузаларни тинглаб муноқаша қилишлари кўзда тутилган.



