Исроил вазири арабларни ишдан бўшатишга чақирди

Исроил вазири арабларни ишдан бўшатишга чақирди

Исроилнинг уй-жой ишлари вазири Ури Ариэль араб ишчи-ходимларни ишдан бўшатишга чақириб, бу борада Ашкелон мэрининг шаҳарда араблар ишлашига қарши йўналтирилган қарорини қўллаб-қувватлаган.

Ашкерон шаҳар мэри Итамар Шимони ўз қарорини оқлаб, “кимда-ким қарорни қонунга зид деб ҳисобласа, мени судга чақириши мумкин”, дея изоҳ берган. Унинг даъво қилишича, арабларни ишдан бўшатишга, гўёки, “сешанба куни яҳудийлар синагогига уюштирилган ҳужум ва тўрт нафар яҳудий руҳонийсининг ўлдирилгани сабаб бўлган” эмиш. Хабар қилинишича, Ашкелонда болалар боғчалари, мактаблар, қурилиш ва бошқа соҳаларда банд бўлган араб миллатига мансуб хотин-қизлар ва эркакларни ишдан ёппасига бўшатиш бошланиб кетган. Бошқа шаҳарларда ҳам арабларга қарши бундай камситиш ва ирқчилик тобора авж олиб бораётгани айтилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, қатор оммавий ахборот воситалари фаластинликларга нисбатан, юмшоқ қилиб айтганда, “адолатсизлик” қилмоқда. Чунки, ҳали ҳеч ким жавобгарликни ўз бўйнига олмаган ўша “ҳужум”ни кенг ёритган ахборот воситалари, Исроил ҳарбийлари қўлидаги энг сўнгги русумдаги автоматлардан аёвсиз отиб ташланаётган юзлаб қуролсиз фаластинликлар ва уларнинг бузиб ташланаётган уйлари, шунингдек Қуддуси Шариф, шу жумладан, Ал-Ақсо масжиди атрофида исроилликлар томонидан содир этилаётган зўравонликларни нисбатан кам ёритмоқдалар ёки умуман ёритмаяптилар, сабаб ва мақсадларини чуқур таҳлил қилмаяптилар. Бу эса, ўз навбатида, ўша ОАВ ҳақида тегишли хулоса қилишга сабаб бўлмоқда. 
Исроил ҳукумати раҳбари Беньямин Нетаньяҳу Ашкелон мэрининг юқорида қайд қилинган қарори борасида тўхталиб, “ҳаммани бирдек умумийлаштирмаслик”ка чақирди ҳамда “Исроилдаги араб фуқароларининг аксарияти қонунга итоаткор кишилар” эканини ва “кимда-ким қонунни бузса, унга қарши аниқ ва қатъий чоралар кўрилиши”ни қўшимча қилди. Эслатиб ўтамиз, жаҳон ҳамжамиятининг ёзма қаршиликларига беписанд тарзда, Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ерларида яҳудий аҳоли учун ўнлаб янги уй-жойларни қуриш бўйича Исроил ҳукумати фаол иш олиб бормоқда.

back to top