Туркиядаги яна 50 та университет ҳудудида масжидлар қурилади

Туркиядаги яна 50 та университет ҳудудида масжидлар қурилади

Туркия Диний ишлар идораси (Diyanet)нинг раҳбари Меҳмет Гўрмезнинг маълум қилишича, 2015 йилда мамлакатдаги 50 та университет ҳудуди (кампуси)да масжидлар қурилиши режалаштирилган.

Жумладан, “Анадолу” ахборот агентлиги билан суҳбатда Меҳмет Гўрмез: “Бугунга қадар университетларнинг кампусларида 15 та масжид очдик, 2015 йилнинг охирига қадар яна 50 та шундай масжид очиш ниятидамиз... Туркияда 20 миллионга яқин ёшлар бор. Биз ўша ёш аҳолини қамраб олишни истаймиз. Университет кампусларидаги масжидларга катта аҳамият қаратмоқдамиз... Биз ёшларнинг маънан тараққий этишларини хоҳлаймиз... Бутун тарих давомида намозгоҳлар ва олий таълим масканлари биргаликда бўлган. Аслида, университетларнинг ўзи ибодатхоналар сабабли юзага келган. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди”, – деб таъкидлаган.
Диний ишлар идорасининг билдиришича, “масжидлар фақат намоздан олдин очиладиган ва намоздан кейин ёпиладиган жой бўлиб қолмайди”, уларнинг фаолияти кенг қамровли бўлиши кутилмоқда. 
Эслатиб ўтамиз, шу йил апрель ойида Эрзурум Отатурк университетида кампус-масжидларнинг дастлабкиларидан бири очилганди.

back to top