АҚШ ва Британия ҳам БАА “қора рўйхати”дан таажжубда
Ўтган шанба куни Бирлашган Араб Амирликлари томонидан эълон қилинган “Террористик ташкилотлар рўйхати” тобора кенг тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Бу гал АҚШ ва Британия мазкур рўйхат бўйича БААдан тушунтириш беришни сўрадилар.
Саксондан ортиқ турли тузилма ва гуруҳлардан таркиб топган “қора рўйхат”га АҚШдан иккита (Америка-Ислом алоқалари кенгаши, Америка мусулмонлар жамияти) ва Британиядан учта ташкилот (Исломий ёрдам, Британия мусулмонлар тармоғи, Кордоба фонди) ҳам киритилган.
АҚШ ва Британия БААга мурожаат қилиб, рўйхатда кўрсатилган ташкилотларига ҳеч қандай бир изоҳсиз “террорист” ёрлиғининг осиб қўйилгани сабабини тушунтириб беришни сўрадилар.
Жумладан, “АҚШда террорист ҳисобланмаган ва қонуний фаолият олиб бораётган ташкилотларнинг Кўрфаз мамлакати томонидан “қора рўйхат”га қўшиб қўйилгани” Қўшма Штатларни таажжубга солган.
Британиянинг Исломий ёрдам ҳайрия ташкилоти эса бу ҳақида баёнот бераркан, унда: “Бизнинг ўзимиз терроризмга қарши курашувчи ташкилотмиз... Ташкилотимиз номининг БАА “қора рўйхатига” киритилгани хатодир... Бу борада биз БАА элчихонасидан аниқлик киритишини ва бизни ўша рўйхатдан чиқариб ташлашини сўраймиз”, – деб таъкидлаган.
Британия мусулмонлар тармоғи ҳам ҳудди шундай баёнот бериб, унда “бизнинг ташкилот ҳеч қандай қуролланган фаолият олиб бормайди”, деган.
Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, қайд этилган тузилмалар Мисрда ҳокимиятдан четлатилган “Мусулмон биродарлар” ташкилотига алоқадорликда гумонланиб, БАА томонидан “қора рўйхат”га қўшиб қўйилган бўлиши мумкин. Чунки, Амирликлар “Мусулмон биродарлар”ни ўз манфаатларига хавф солувчи ташкилот сифатида кўрар эканлар.
Мазкур масалалар юзасидан БАА расмийларининг нуқтаи назари ҳозирча маълум эмас.



