Таъзия (Шайх Маҳмуд Шокир вафот қилди)

Таъзия (Шайх Маҳмуд Шокир вафот қилди)

Ислом олами яна олимдан жудо бўлди. 2014 йил 23 ноябрь, якшанба куни тонгда суриялик муаррих, шайх Маҳмуд Шокир Саудиянинг пойтахти Риёздаги уйида вафот этди.

Маҳмуд ибн Шокир Абу Усома Дамашқнинг шимоли-шарқида, Ҳараста туманида, ҳижрий 1351, милодий 1932 сананинг Рамазон ойида таваллуд топган. Бошланғич ва ўрта мактабни 1371 (1952) йили тамомлаган. Шаръий илмлар бўйича туман масжидларидаги уламолардан таҳсил олган. Кейин Дамашқ университетининг география факультетига ўқишга кирди. 1957 йилда ўқишни тамомлаб, мажбурий ҳарбий хизматга жўнаб кетди. Хизматни тамомлаб, кичик офицер унвони билан қайтиб келди. Кейин 1960 йилда Фаластин билан чегарадош ҳудуднинг шимолий секторига артиллерия батальони зобити сифатида хизматга чақирилди. Ундан кейин Суриянинг бир қанча ўлкаларида дарс бериб. 1977 йилгача Суриянинг таълим вазирлигига қарашли мадраса ва мактабларда мударрис бўлиб ишлаб, сўнг Саудияга қайтиб келди.
Шайх Маҳмуд Шокир Риёз ва Қосимдаги университетнинг социология факультетида Ислом тарихи ва география мударриси бўлиб ишлаган. У киши «Изоатул Қуръон» радиоканалида «Ислом олами географияси» номли дастурнинг муаллифи эди. 
Кўпчилик зиёлилар «Ат-Тарихул исломий» китобининг соҳиби, дамашқлик муаррих Маҳмуд Шокир Абу Усомани «Рисолатун фит-торийқи илал сақофатина» асарининг муаллифи, муҳаддис, шайх Маҳмуд Шокир Абу Феҳир билан адаштирадилар. 
Шайх Маҳмуд Шокирнинг тарих, география ва исломий фикрга оид икки юздан ортиқ асарлари бор. Бу зотни дунёга танитган шоҳ асар йигирмадан ортиқ жилдли «Ат-тарихул исламий» китоби бўлиб, уни Ислом тарихига оид энциклопедия дейиш мумкин. Шунингдек, у киши тарих ва география фанлари бўйича тузилган кўплаб ўқув дастурлари билан ҳам машҳурдир.

Аллоҳ таоло Ислом илмига холис хизмат қилган бу зотни Ўз раҳматига олсин. 
«Инна лиллааҳи ва инна илайҳи рожиъуун».

back to top