Умра визаси учун биометрик маълумотлар олинади

Умра визаси учун биометрик маълумотлар олинади

Хабар қилинишича, Умра визаси учун ҳужжат топшираётган ҳар бир шахсдан унинг биометрик маълумотларини ҳам талаб қилувчи қоида тез орада кучга киради. Мазкур қоидадан кўзланган мақсад – виза учун топширилаётган ҳужжатлар тўпламини кўриб чиқиш ва виза бериш ёки бермаслик жараёнини тезлаштириш, Саудия Арабистони ҳудудига кириш ва ундан чиқишни расмийлаштириш учун сарфланадиган вақтни камайтириш эканлиги айтилмоқда.

Шундай бўлса-да, Покистон, Миср ва Урдун каби мамлакатлардаги Умра ташкилотчилари янги қоидага нисбатан ўз эътирозларини билдирмоқдалар. Уларнинг фикрига кўра, жорий этилаётган янгилик виза олиш жараёнини тезлаштиришга эмас, аксинча, унинг янада чўзилиб кетишига ва ортиқча молиявий харажатларга сабаб бўлиши мумкин. Изоҳ берилишича, олис қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ўз биометрик маълумотларини қайд этиши учун каттароқ шаҳарларга бориши зарур бўларкан. Масалан, ҳар йили 700 мингга яқин зиёратчиларни Умра сафарига юборадиган Покистонда кишилардан биометрик маълумотларни олиш имконияти ҳар бир аҳоли пунктида ҳам бўлавермаслиги айтилмоқда. Миср Туризм вазирлиги ва ушбу мамлакатдаги туроператорлар Саудия расмийларидан янги қоидани жорий қилиш муддатини кечиктиришни ҳамда биометрик маълумотларни олиш учун етарли ташкилий ишларни амалга ошириш учун қўшимча вақт беришни сўраганлар.
Янги қоида қайси санадан бошлаб кучга кириши ва айнан қайси биометрик маълумотларнинг талаб этилиши бўйича аниқлик киритилмаган.

back to top