Бу йилги “Жаҳон муслима мукофоти” тунислик аёлга насиб этди

Бу йилги “Жаҳон муслима мукофоти” тунислик аёлга насиб этди

Индонезияда бўлиб ўтган “Жаҳон муслима мукофоти – 2014”да Тунис вакиласи Фотима Гуфрош ғолибликни қўлга киритди. Танловнинг якуний босқичида жами 18 та финалчи хотин-қизлар иштирок этганлар. Ғолибга қимматбаҳо совғалар, шу жумладан, олтин соат, олтин динор ҳамда Маккаи Мукаррамага зиёрат учун йўлланма тақдим этилди.

Йигирма беш ёшли Фотима Гуфрош танлов ғолиблигини қўлга киритгач, кўзларида ёш ила: “Эй, буюк қудрат эгаси Аллоҳ! Фаластинни ва Сурия халқини Ўзинг озод қилгин... Ушбу ишда ўзинг мададкор бўлгин...”, – дея илтижо қилган.
Бутун танлов жараёнида иштирокчилар ҳижобда қатнашганлар. Уларнинг нафақат ташқи кўринишлари, балки Қуръони Карим оятларини қай даражада қироат ила ўқий олишлари ҳам баҳоланган. Тадбир ташкилотчиларидан бири Жамия Шариф танлов ҳақида фикр юритаркан, жумладан, шундай деб таъкидлаган: “Улар исломий ҳаёт тарзини қай даражада билишларини ва унга қай даражада амал қилаётганликларини билишни истадик”.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ўтказилган “Жаҳон муслима мукофоти – 2013” қатор оммавий ахборот воситаларининг диққат-эътиборини тортган эди. Ўшанда Бали оролида ўтказилган ва ўзича, ҳеч бир иккиланишсиз “Miss World” номини даъво қилувчи “тадбир”да иштирок этган “ҳирс каптарлари” ва уларнинг ҳомийлари муслималар томон тош отган эдилар.
Танлов шартлари, босқичлари, иштирокчилари ва ғолиблари, шунингдек тақдим этилган мукофот ва совғалар рўйхати билан www.worldmuslimah.org/award2014 орқали батафсил танишишингиз мумкин (инглиз тилида).

back to top