БМТ Бош Ассамблеяси: “Исроилнинг Қуддусдаги ҳаракатлари асоссиз”

БМТ Бош Ассамблеяси: “Исроилнинг Қуддусдаги ҳаракатлари асоссиз”

Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси Исроилнинг Қуддуси Шариф ва Сурияга тегишли Голан тепаликларидаги ҳаракатлари бўйича олтита резолюция қабул қилди ва уларга халқаро-ҳуқуқий баҳо берди. Хусусан, Қуддус шаҳри бўйича бўлиб ўтган овоз бериш натижаларига кўра, “[Исроил томонидан] Қуддуси Шарифнинг ҳуқуқий мақомини ўзгартириш бўйича амалга оширилаётган барча ҳуқуқий ва маъмурий чоралар асоссиз ва ҳеч қандай кучга эга эмас”, деб топилди. Мазкур резолюция 144 та давлат томонидан қўллаб-қувватланган, 6 та давлат (Канада, Исроил, Маршал ороллари, Микронезия, Палау, АҚШ) унга қарши овоз берган, 10 та давлат эса овоз беришдан ўзини тийган.

Шунингдек, Бош Ассамблея Исроил ўз кучларини Фаластин ерларидан олиб чиқиб кетиши кераклиги ва босиб олинган ҳудудларни ўзлаштиришни буткул тўхтатиши зарурлиги ҳақида ҳам резолюция қабул қилган. Резолюцияда қайд этилишича, “Исроил ўзининг халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини бажариши керак”.
Бундан ташқари, Бош Ассамблея ўз қарорларида Фаластинга инсонпарварлик ва тиббий ёрдам етказиб бериш зарурати ҳақида ҳам тўхталган.
Сурияга тегишли Голан тепаликлари бўйича Бош Ассамблея 1981 йилда қабул қилинган 497-сонли резолюциясининг талаблари Исроил томонидан ҳалигача бажарилмаётганини таъкидлаб, Исроилни ўз кучларини мазкур тепаликлардан олиб чиқиб кетишга чақирган бу бўйича яна бир янги қарор қабул қилган. Ушбу масала бўйича овозга қўйилган резолюция 99 та давлат томонидан қўллаб қувватланган, 6 та давлат томонидан инкор этилган ва 57 та давлат (асосан европа давлатлари) овоз беришда қатнашмаганлар.
Мутахассисларнинг қайд этишларича, ҳар қандай қонун ва қарорни қабул қилиш йўлнинг ярми бўлса, унинг ижроси кўзланган мақсадга етиб боришни таъминловчи иккинчи муҳим қисмдир. Бусиз ҳар қандай иш йўлнинг ярмида қолиб кетаверади ва, шундай экан, БМТнинг Исроилга доир чиқарган резолюциялари амалда ўз ижросини топиши ва улар бундан олдинги кўплаб резолюциялар каби қуруқ қоғозда қолиб кетмаслигиги керак.

back to top