Ироқ армиясида 50 мингдан ошиқ "арвоҳ аскар" аниқланди

Ироқ армиясида 50 мингдан ошиқ "арвоҳ аскар" аниқланди

Ироқ Бош вазири Ҳайдар Абадийнинг айтишича, ўтказилган тергов натижасида армия сафида аслида ўзи йўқ, лекин номи бор камида 50 минг аскар аниқланган. Бу "арвоҳ аскарлар" ҳисобига маош тўлаб борилган, пулни эса қўмондонлар кармонига урган.

Сентябрда ишга киришган Ироқ бош вазири бу ҳақда кеча қонунчилар олдида гапирди ва коррупсияга шафқат қилмасликка ваъда берди.
Абадий олдинги бош вазир Нури Маликийнинг қўлида ишлаган юқори лавозимли бир неча қўмондонни ишдан ҳайдади ёки истеъфога чиқарди.
Ўйлаб топилган бу аскарлар номига тушган маошни мансабдор ҳарбийлар шу тариқа ўмариб борган.
Ироқда "Исломий давлат"га қарши кураш суст кечаётгани учун айнан кенг кўламли коррупсия сабабчи экани айтилади. Жангарилар шу йилнинг ёзидан бери Ироқнинг шимоли ва ғарбида ўрнашиб олган.
Ёрдамга ошиққан Қўшма Штатлар мамлакатга ҳарбий маслаҳатчиларини жўнатиб, ҳарбий ҳаво ҳужумларига бошчилик қилаяпти.
Америка Мудофаа вазирлиги келаси йил Ироқ армиясини машқдан ўтказиш ва қуроллантириш учун 1.2 миллиард доллар сўраяпти. Охирги ўн йилда Америка бу мамлакат қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиард доллардан ошиқ сарфлади.

back to top