Янги “Халқаро мусулмон форуми” ташкилоти таъсис этиладиган бўлди
Шу йил 10-11 декабрь кунлари Россия Федерациясининг пойтахти – Москва шаҳрида бўлиб ўтган ўнинчи Халқаро мусулмон форуми иштирокчилари томонидан маъқулланган резолюцияга мувофиқ, форум қатнашчилари томонидан қабул қилинган қарорларни бажариш мақсадида, доимий тарзда фаолият олиб борадиган янги “Халқаро мусулмон форуми” ташкилоти таъсис этиладиган бўлди. Форумнинг янги таъсис этилган Котибиятига ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини белгилашни назарда тутувчи тадбирлар режасини тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Ҳар йили ўтказиб келинаётган Халқаро мусулмон форуми таъсисчиларининг кўп йиллик ишлари қабул қилинган резолюцияда юқори баҳоланган бўлиб, унда Форум Котибиятини тузишдан мақсад – ўзаро тажриба алмашиш, мусулмон умматининг ресурсларини интеграция қилиш ва ҳаракатга солишда ўзаро тезкор ва самарали алоқани таъминлаш эканлиги таъкидланган. Хусусан, Котибиятга мусулмонлар манфаатларини ахборий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш асосий мақсади қилиб белгиланган Илмий-экспертлик кенгашини тузиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юклатилди. Котибиятнинг масъул котиби сифатида Россия Федерацияси Мусулмонлар диний идораси раисининг биринчи муовини Дамир Муҳиддинов номзоди тасдиқланди.
Резолюцияга мувофиқ, янги таъсис этилиши белгиланган “Халқаро мусулмон форуми” ташкилоти ўзининг расмий вебсайтига эга бўлади. Бундан ташқари, ташкилот томонидан ҳар чоракда қатор тилларда тайёрланадиган илмий-диний журналнинг нашр этилиши ҳам белгиланган. Янги халқаро тузилма ўзининг доимий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларига ҳам эга бўлади.
Бу йилги Форум ишида 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этдилар.
Анжуман иштирокчилари навбатдаги – ўн биринчи Халқаро мусулмон форумини 2015 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказишга қарор қилдилар.
Ўнинчи Халқаро мусулмон форуми иштирокчилари томонидан маъқулланган резолюциянинг тўлиқ матни билан мана бу ҳавола орқали танишишингиз мумкин: http://www.muslim.ru/actual/6245 (рус тилида).




