Индонезиядаги ер кўчкиси оқибатида 20 киши ҳалок бўлди

Индонезиядаги ер кўчкиси оқибатида 20 киши ҳалок бўлди

Қатор оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, ўтган жума куни Индонезиянинг Ява оролидаги Жемблунг қишлоғида содир бўлган йирик ер кўчкиси оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлган, бугунга қадар 80 дан ортиқ қишининг тақдири маълум эмас ва 100 дан ортиқ уйлар вайрон бўлган. Табиий офатга ҳудудда давом этган кўпкунлик ёмғир сабаб бўлгани айтилмоқда.

Қидирув-қутқарув ишлари ҳозирга қадар давом этмоқда. Шундай бўлса-да, Индонезиянинг фавқулодда ҳолатлар агентлиги бераётган маълумотларга кўра, офат натижасида кўчки ичида қолганларни тириклайин топиш имкониятлари борган сари камайиб бормоқда. Қутқарув операцияси асосан қўл кучи ёрдамида амалга оширилмоқда, чунки кўчки содир бўлган ҳудудга махсус техника киришининг имкони бўлмаяпти – ҳаммаёқ кўчки сабабли ағдарилган дарахтлар, тошлар, лой ва ботқоққа тўла.
Якшанба куни мамлакат президенти Жоко Видодо кўчки жойига ташриф буюрган ва қидирув-қутқарув ишлари билан яқиндан танишган.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Индонезия 250 миллионлик аҳолисининг ярмига тенг қисми ер кўчкилари содир бўлиш эҳтимоли мавжуд ҳудудларда истиқомат қиларкан.

back to top