“Хайрия ишларида аёл кишининг ўрни” халқаро конференцияси ҳақида

“Хайрия ишларида аёл кишининг ўрни” халқаро конференцияси ҳақида

Шу йил 15 декабрь куни Қувайт давлатида “Хайрия ишларида аёл кишининг ўрни” мавзусидаги халқаро конференция иш бошлади. Анжуман Кувайт давлатининг амири Шайх Сабоҳ Аҳмад Жобир Сабоҳ раҳнамолигида ташкил этилган бўлиб, амирнинг ўзи ҳам тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган.
Халқаро конференция ишида қатор халқаро ташкилотлар, хусусан Халқаро исломий хайрия ташкилоти, кўзга кўринган мутахассислар ва олимлар, жумладан Ўзбекистондан фазийлатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам қатнашдилар.

Жумладан, Халқаро исломий хайрия ташкилотининг раиси доктор Абдуллоҳ ал-Маътуқ тадбир доирасида нутқ сўзлаб, “ушбу ташаббуснинг мақсади хотин-қизларнинг хайрия ишларидаги иштирокини қўллаб-қувватлашдан иборат”, деб таъкидлади. Бундан ташқари, ўз чиқиши давомида доктор ал-Маътуқ Қувайт амирини унга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан яқинда “хайрия етакчиси” мақоми берилгани билан қутлаб, “анжуман иши Халқаро исломий хайрия ташкилотининг мақсадларига ҳамоҳанг” эканини эътироф этди.
Хабар қилинишича, бу каби анжуманлар 2012 йилнинг март ойидан буён мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Хайрия ишларида аёл кишининг ўрни” халқаро конференцияси муслимаат.уз сайтида кенг ёритилмоқда.

back to top