Шафқатсиз террорчилар тубанликка юз бурди
Сешанба куни автоматлар билан қуролланган етти нафар террорчи Покистоннинг Пешавор шаҳридаги мактаблардан бирига хужум қилди.
Террорчилар “ўлим белбоғи”ни тақиб олишган эди. Улардан айримлари ўзларини портлатиб юборди. Уч нафар жанггари эса полиция кучлари томонидан йўқ қилинди. Хужум оқибатида 150дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 250га яқин киши жарохат олди. Улар орасида болалар хам бор. Чунки ходиса вақтида мактабда 500га яқин ўқувчи ва ўқитувчилар бор эди.
Учта портлаш юз бергани сабаб мактаб биноси бутунлай вайрон бўлди. Мактаб биноси Покистон армияси маблағларига қурилган бўлиб, у ерда Пешавор гарнизони харбий хизматчиларининг фарзандлари таълим оларди. Ходисадан сўнг, Пешавордаги барча тиббиёт муассасалари фавқулотда иш жараёнига ўтди. Расмийлар аҳолига мурожаат қилиб, жабрдийдалар учун қон топширишга чақирмоқда. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди. Бу ҳақда бош вазир Навоз Шариф маълум қилди. У ўз сўзида хукумат мамлакат худудларини бутунлай террорчилардан озод қилиш йўлида барча чора-тадбирларни кўришини таъкидлади. Айни дамда Покистондаги барча таълим даргохлари кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда.
Жаҳон ҳамжамияти юз берган ходисани кескин қоралаб чиқмоқда. АҚШ давлат котиби Жон Керри Покистон бош вазири Наваз Шариф билан телефон орқали мулоқотда бўлди. У АҚШ терроризм ва экстремизмга қарши курашда ҳар томонлама Покистонга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Давлат котиби марҳумларнинг оила аъзоларига таъзия изхор қилди.
АҚШ Президенти Барак Обама ҳам Покистон ҳукуматига таъзия билдирди. Унинг фикрича, ўқувчи ва ўқитувчиларга хужум қилиш орқали террорчилар ўзларининг қандай аҳлоққа эга эканликларини кўрсатиб қўйишган.
БМТ бош котиби Пан Ги Мун Пешаворда юз берган террор ходисасини танқид қилар экан, жиноятчилар жавобгарлика тортилиши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, химоясиз болаларга хужум уюштириш жанггариларнинг қўрқоқлигини англатади. “Бундай шавфқатсизликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди” дейилади БМТ бош котиби томонидан тарқатилган баёнотда.
Афғонистон ҳудудларида фаолият юритаётган “Толибон” ҳаракати ҳам Пешавордаги ходисани қоралаб чиқди. “Айбсиз фуқароларни, болалар ва аёлларни ўлдиришга уриниш ислом асосларига зиддир” деб баёнот берди афғон толибларининг вакили Забиулла Мужохид.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раад ал-Хусейн болаларга қарши уюштирилган хужумларни тубанлик деб атади. Унинг сўзларига қараганда, бундан кейин бирор бир мамлакат хукумати, разведка идораси, диний арбоблар, бадавлат хомийлар, кенг жамоатчилик радикал гурух ва ташкилотларни қўллаб-қувватламаслиги керак.
Европа Итифоқи ташқи сиёсат махкамаси рахбари Федерики Могерини берган баёнотга кўра, юз берган ходиса барчани карахт қилиб қўйган. “Айбсиз одамларга, бегунох болаларга хужум нафақат умуминсоний қадриятларга, балки мамлакат келажагига қилинган хужумдир”, деди Федерики Могерини.
Европарламент раиси Мартин Шульц ҳам қатли омни қоралаб чиқди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эса хужумларни “юракларни тилка-пора қилган ходиса” деб атади.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди мактабга уюштирилган хужумни шафқатсизлик деб баҳолади ва террорчиларни қўрқоқлар деб атади. У яқинларидан жудо бўлганлар билан ҳамдард эканлигини маълум қилди. Ички ишлар вазири Раджнатх Сингх хужумни кескин қоралади. Унинг сўзларига қараганда, қабих хужумлар орқали террорчилар ўзларининг асл башарасини кўрсатишган.
Тинчлик бўйича Нобел мукофотининг соҳиби Малала Юсуфзай ходисани танқид қилди ва ходисадан юраги пароканда бўлганини таъкидлади.
Покистон армияси матбуот хизмати рахбари Асим Салим Бажва жанггариларнинг режасида одамларни гаровга олиш йўқлиги, фақат ўлдиришни ният қилганликларини маълум қилди. У террорчиларни нафақат мусулмон, балки одам деб ҳам атаб бўлмаслигини таъкидлади.
18 декабрь куни Лахор шахрида мухолифатдаги “Техрик-и-инсаф” ҳаракатининг кенг қамровли намойиши бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ Пешаворда юз берган терррор хужумларидан сўнг ҳаракат ўз режасидан воз кечди. Бу ҳақда ҳаракат рахбари Имран Хан баёнот берди. У Пешаворда юз берган террор хужумларини кескин қоралаб чиқди.
Айни дамда Покистон шимоли-ғарбида “Зарбэ Азб” номи остида махсус амалиётлар давом этмоқда. Шу йилнинг 15 июнида бошланган махсус амалиёт давоимда 1 минг 800дан ортиқ жанггари йўқ қилинди.
Шарофиддин Тўлаганов,
Сиёсий шарҳловчи



