Қозоғистонда Уламолар кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди
Алмати шаҳрида Қозоғистоннинг бош муфтийси Ержан ҳожи Малғажи ўғлининг бошчилигида Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Уламолар кенгашининг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Мазкур мажлисда уламолар ҳалол стандартлаш масалаларини такомиллаштириш, диний истилоҳларни тартибга келтириш, жаноза масалаларни бир изга тушириш, “Абу Ҳанифа” номидаги илмий тадқиқот марказининг ишларини жонлантириш, фатво бериш қоидалари каби масалаларни муҳокама қилишди.
Уламолар кенгаши аъзолари диний истилоҳларнинг қозоқча айтилиши, хусусан Қуръони каримда учрайдиган пайғамбарлар исмини қозоқ тилининг қоидаларига мувофиқ, мослаб айтиш ҳақида қарор қабул қилишди. Жаноза ва дафн маросимларини шариат асосида тартибга келтириш масаласи кун тартибга қўйилди ва масала бўйича кенг қамровли баҳс-мунозара бўлди. Яқин орада “Жаноза фатвоси” деб номланган китоб нашрдан чиқади.
Мажлисда нутқ қилган Бош муфтий Ержан ҳожи Малғажи ўғли: “Абу Ҳанифа” номидаги илмий марказ фаолиятида энг аввало мазҳабимизга асосга солган Абу Ҳанифа асарларини қозоқ тилига таржима қилишни бошлаш керак. Биз бу орқали мазҳабимизнинг мақомини янада кўтаришимиз мумкин”, деди.



