Покистонда ўлим жазоси тикланди

Покистонда ўлим жазоси тикланди

Чоршанба куни Покистон расмийлари мамлакатда ўлим жазосига бўлган мораторий тугатилгани ҳақида маълум қилишди. Эндиликда террористик ҳаракатни содир этган шахсларга нисбатан ўлим жазоси ҳақида чиқарилган ҳукм ижро этиладиган бўлди. Мазкур мамлакатда ўлим жазоси ҳақидаги ҳукм осиб ўлдириш орқали ижро этилади.

Покистонда ўлим жазоси ҳақидаги ҳукмларга нисбатан 2008 йилда мораторий эълон қилинганди, яъни бу ҳақида суд томонидан ҳукм чиқарилса-да, унинг ижроси тўхтатилган эди. Бироқ, яқинда “Толибон” ҳаракати томонидан Покистоннинг Пешавор шаҳридаги Армия ҳарбий мактабида содир этилган ўта мудҳиш терракт натижасида 150 нафарга яқин ўқувчи ва мактаб ходимлари ўлдирилгани боис, мораторийни бекор қилишга қарор қилингани айтилмоқда.
Мамлакат Бош вазири Навоз Шариф қўпорувчилик натижасида ҳалок бўлган болаларни “фарзандларим” деб атаган ва терракт оқибатини “миллий ҳалокат” деб баҳолаган.
Қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг раҳбарлари Покистон халқига ўз таъзияларини изҳор қилиб, қўпорувчилик ҳаракатини қаттиқ қоралашда давом этмоқдалар. Хусусан, Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг раҳбари Ийяд Маданий мазкур ҳодиса юзасидан фикр билдириб: “ИҲТ террористик актларнинг барчасини қатъий қоралайди... Қўпорувчиликни содир этишда Ислом номидан фойдаланаётган гуруҳлар ёки кимсаларнинг Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва уни ифода этмайдилар ҳам”, – деб таъкидлаган.

back to top