Рамзан Қодиров: “Чечен ваҳҳобийларининг ота-оналари ўз фарзандларининг қилмишлари учун жавоб беради”
“Интерфакс”нинг хабар қилишича, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров шу йил 4 декабрь куни Грозний шаҳрида содир этилган террористик ҳужум ҳақида гапираркан: “Мен расман маълум қиламанки, ота-оналар ўз ўғиллари ва қизларининг қилмишлари учун жавоб беришмайди, деб айтиладиган пайтлар тугади. Чеченистонда жавоб беришади! Агар ота ўз уғлининг террор ва ваҳҳобийлик йўлига ўтганини кўрса, уни ҳукуматга топширсин ёки қон тўкиб улгурмасидан аввал уни бошқа йўллар билан тўхтатсин”, – деб таъкидлаган.
Қодировнинг сўзларига кўра, Чеченистонда кийинишда ҳам, хулк-атфорда ҳам ваҳҳобийларга тақлид қилишга йўл қўйилмайди.
Чеченистон Республикаси раҳбари полициянинг 14 нафар ходими ўлимини ўзига яқин инсонларнинг ўлими сифатида қабул қилишини эътироф этган.
Қодиров: “Агар бирон жангари Чеченистонда полиция ходими ёки бошқа одамни ўлдирса, ўша жангарининг оиласи Чеченистон ҳудудидан қайтиш ҳуқуқисиз зудлик билан чиқариб юборилади, уйи эса фундаменти билан бузиб ташланади... Буни полиция ходими ёки бошқа кишига қурол ўқталишдан олдин ҳамма билиши керак. Мен ҳеч кимга бу ерда қон тўкишга рухсат бермайман!”, – деган.



