Олий таълим бўйича ИСЕСКО халқаро конференцияси
Пайшанба куни Марокаш пойтахти Работ шаҳрида Олий таълим ва илмий тадқиқот бўйича вазирлар халқаро исломий конференциясининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Анжуман Исломий таълим, фан ва маданият ташкилоти (ИСЕСКО) томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг ишида ИСЕСКОга аъзо давлатларнинг олий таълим ва тадқиқот масалалари бўйича масъул вазирлари иштирок этдилар. Бу ҳақида Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг ахборот агентлиги маълум қилган.
Икки кунлик тадбир доирасида олий таълим, илмий тадқиқот ва технологиялар соҳасида ИСЕСКО томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ташкилот бош директорининг ҳисоботи тингланган, шунингдек исломий мамлакатлардаги университетлар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари ҳақида фикр алмашув ва баҳс-мунозара бўлиб ўтган. Сессия иштирокчиларига “Фан ва инновациялар бўйича Ислом дунёсининг атласи” ва “ИСЕСКОга аъзо давлатларда илмга асосланган иқтисодиётни барпо этиш сари” каби лойиҳалар бўйича маълумот ҳам тақдим этилган. Бундан ташқари, тадбир қатнашчилари талабалар ва тадқиқотчилар алмашинуви дастурини ҳам кўриб чиққанлар.
Сессия доирасида “Олий таълимда асосий омилларни илгари суриш: бошқарув, инновация ва ишга жойлашиш имкониятлари” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.
Делегатлар Исломий мамлакатларда фан, технология ва инновация стратегиясини амалга ошириш бўйича маслаҳат кенгашининг аъзоларини ҳам сайлашган.



