Сабсий – Туниснинг янги президенти
Тунис Олий сайлов комиссияси тарқатган маълумотларга кўра, 88 ёшли Банжи Каид Сабсий мамлакатнинг янги президенти этиб сайланган. Президентлик сайловининг иккинчи турида Сабсий сайловчилар умумий овозининг 55,68 фоизини олган, сайловдаги унинг рақиби Мунсаф Марзукий эса 44,32 фоиз овоз тўплаган. Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 60,11 фоизи иштирок этган.
Хабарларда айтилишича, янги президент Сабсий мамлакатнинг 2011 йилдаги норозилик намойишлари натижасида ағдарилган раҳбари Зайн Обиддийн бин Алининг яккапартиявийлик асосидаги маъмуриятида ходим бўлган ва кейин келган “инқилобий ҳукумат”га ўзини мухолиф ҳисоблаган. Банжи Каид Сабсий ўз сайловолди дастурида мамлакат аҳолисини 2011 йилдаги ҳукумат алмашинувидан сўнг юзага келган қийинчиликлардан олиб чиқишга, мамлакатнинг “бузилган обрўси”ни тиклашга ваъда қилган.
Маҳаллий телевидение орқали чиқиш қиларкан, Сабсий: “Мен ўз ғалабамни Туниснинг жабридийдаларига бағишлайман... Мен Марзукийга ташаккур билдираман. Биз энди биргаликда ишлашимиз лозим”, – деб таъкидлаган.
Мунсаф Марзукий сайловдаги ўз мағлубиятини тан олиб, Банжи Каид Сабсийни ғалаба билан табриклаган.
Маълум қилинишича, Сабсий ўз ғалабасини эълон қилгач, мамлакат жанубидаги Ҳаммо шаҳрида аҳоли норозилиги бошланган. Юзлаб ёшлар “Эски режимга йўқ деймиз!” бақириқлари ила кўчаларга чиқиб, автомобиль шиналарини ёқиб, йўлларни беркитиб қўйганлар. Норозилик намойиши полиция кучлари томонидан кўздан ёш сиздирувчи газ воситасида тарқатиб юборилгани айтилмоқда. Пойтахт кўчаларида эса “Банжи – президент!” ҳайқириқлари ила ғалабани нишонлаш юришлари бўлиб ўтган.



