БААда атом электр станцияси ишга туширилади

БААда атом электр станцияси ишга туширилади

Душанба куни тарқатилган расмий хабарга кўра, ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларида қурилаётган атом электр станциясидаги 1400 мегавват лойиҳавий қувватга эга бўлган тўртта атом реакторининг биринчиси 2017 йилда ишга туширилади, қолган учтаси 2020 йилгача бирин-кетин тайёр бўлади.

Абу Дабидаги энергия конференциясида БАА Атом энергия корпорациясининг бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳаммодий шундай деган: “2020 йилда тўлиқ ишга туширилгач, улар БАА энергия эҳтиёжининг 25 фоизини ишлаб чиқаради... Ҳозирда биринчи реакторнинг 61 фоизи битказилган бўлиб, уни 2017 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда. Иккинчи ва учинчи реакторлар устида ҳам иш кетмоқда, тўртинчиси учун эса жой тайёрланмоқда. Иккинчи реактор 2018 йилда тайёр бўлади, ундан кейинги йилда – учинчиси ва 2020 йилда – охиргиси”.
Бундан ташқари, Ҳаммодий энергиянинг қайта тикланадиган манбалари хусусида ҳам тўхталиб, 2020 йилга келиб бундай манбалар ҳисобидан мамлакатда энергияга бўлган талабнинг 5 фоизи ишлаб чиқилишини ва, бунинг натижасида, ҳозирда ҳавога ташланаётган ис газини 12 миллион тоннага камайтириш имконияти бўлишини таъкидлаган.
Жорий йил март ойида БААда қуёш энергияси асосида ишловчи йирик электр станцияси фойдаланишга топширилган эди. Ҳозирда ўша станция 20 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлаб келмоқда.
Айтиб ўтамиз, Абу Даби шаҳридан ғарбда жойлашган Барака аҳоли пунктида барпо этилаётган атом электр станциясининг умумий қиймати 20,4 миллиард АҚШ доллларига баҳоланган бўлиб, уни қуриш ишлари Корея Электр энергия корпорацияси томонидан бошқариладиган халқаро консорциум томонидан амалга оширилмоқда. Унда, хусусан, Кореянинг “Samsung”, “Hyundai” ва “Doosan Heavy Industries” каби ширкатлари ҳам иштирок этмоқдалар.

back to top